Украинанинг БМТдаги элчиси ГФРни Киевга 80 млрд евро ажратишга чақирди
Германияда кейинги ҳукмрон коалиция Украинага йилига 20 миллиард евро ажратиши керак, деди мамлакатнинг БМТдаги элчиси Андрей Мелник. У буни «Германия хавфсизлигига фойдали сармоя» деб атади.
Бундестагга 23 февралда бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари сайловлар натижасида тузиладиган ҳукумат 4 йил давомида Украинага 80 миллиард евро ажратиши керак, деди мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили ва Германиядаги собиқ элчиси Андрей Мелник 28 декабр, шанба куни Funke Mediengruppe билан суҳбатда. Унинг сўзларига кўра, бу маблағ «Германия хавфсизлигига фойдали сармоя» бўлади.
Мелник: Украина НАТОга кирмасдан хавфсизлик кафолатларини кўриб чиқишга тайёр
Бир кун аввал Андрей Мелник Berliner Morgenpost нашрига берган интервюсида Киев НАТОга кирмасдан ҳамкорларидан хавфсизлик кафолатларини кўриб чиқишга тайёрлигини айтган эди.
«Бир нарса аниқ: НАТОга аъзолик Украина учун кун тартибида қолмоқда, аммо биз учун вақтинчалик ечим сифатида хавфсизлик кафолатлари масаласи муҳим аҳамиятга эга», деди дипломат. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, потенциал кафолатлар «соф сиёсий ваъдалардан ташқарига чиқиши» керак. «Бизнинг шерикларимиз Украина яна Россия томонидан ҳужумга учраса, уни ҳимоя қилиш учун фойдаланадиган ҳарбий имкониятларни аниқлаштириши керак», — дея тушунтирди у.
Мелник, шунингдек, Украина алоҳида давлатлар билан икки томонлама келишувларни ҳам, кўп томонлама келишувларни ҳам кўриб чиқишини қайд этди.
Германия Киевга кенг қамровли янги қуроллар пакетини тақдим этади
Германия Украинага кенг қамровли янги қурол пакетини тақдим этмоқда. Бу ҳақда 23 декабр куни Германия ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу пакетга, хусусан, эҳтиёт қисмларга эга 15 та Leopard 1 А5 асосий жанговар танклари, эҳтиёт қисмларга эга иккита Gepard ўзиюрар зенит қурилмаси, Panzerhaubitze 2000 ўзиюрар артиллерия мосламаси, иккита IRIS-T ҳаво мудофаа тизими, шунингдек, иккита Patriot учириш ускунаси кирган. Бундан ташқари, Leopard 1 ва Leopard 2 учун ўқ-дорилар юборилмоқда. Сўнгги пайтларда Россиянинг дрон ва ракеталардан фойдаланган ҳолда ҳужумлари кўпайганлиги сабабли, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Киев учун жуда муҳим, деб таъкидлади dpa агентлиги.
Берлинда таъкидланганидек, қўшимча IRIS-T тизимларини етказиб бериш 2023 йилда ваъда қилинган эди. Киевга етказиб беришнинг янги рўйхатига юк машиналари, дронлар ва қўшимча радар тизимлари ҳам киритилган.
Мавзуга оид
12:40 / 02.01.2025
Германиянинг Кемниц шаҳри Европа маданий пойтахтига айланди
09:21 / 02.01.2025
Германия визаси учун аризалар электрон форматга ўтказилди
11:48 / 01.01.2025
Германия жанубида эркак экскаваторни ўғирлаб кетиб, полициячиларни жароҳатлади
16:49 / 31.12.2024