АҚШ Украинага ёрдам учун 2,5 миллиард доллар ажратди — бунақаси икки йилдан буён бўлмаганди
АҚШ томонидан Украинага тақдим этиладиган ҳарбий ёрдамдан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, артиллерия снарядлари ҳамда «бошқа муҳим қуроллар» ўрин олади.
АҚШ президенти Жо Байден Украинага жами 2,5 миллиард доллар ҳажмидаги янги ҳарбий ёрдам пакети ҳақида эълон қилди.
Байденнинг баёнотига кўра, ушбу ҳарбий ёрдам пакети ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, артиллерия снарядлари ҳамда «бошқа муҳим қуроллар»ни дарҳол ва узоқ муддатли етказиб беришни ўз ичига олади.
Пакет икки қисмдан иборат: 1,25 миллиард долларлик қисми Пентагон захираларидан тўғридан тўғри етказмалардан иборат, шунингдек, Америка ҳарбий идораси Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуслари (USAI) доирасида яна 1,22 миллиард долларлик қурол ишлаб чиқариш бўйича шартномалар тузади.
USAI доирасида қуролларни етказиб беришга ойлар ёки йиллар кетиши мумкин. Оқ уй хабарида таъкидланишича, бу мазкур дастур доирасидаги охирги маблағлар ҳисобланади.
Шунингдек, Байден ўз маъмуриятига ўз ваколатлари якунланадиган 20 январга қадар Украинага имкон қадар тезроқ янги ёрдам кўрсатишни давом эттиришга кўрсатма берган.
Reutersʼнинг қайд этишича, ҳозирги пакет Жо Байдан администрациясининг Украинани қўллаб-қувватлашдаги охирги тўғридан тўғри ёрдами бўлиши мумкин.
Декабр ойи ўрталарида NY Times Оқ уйда Украинага 5,6 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатиш имконияти мавжудлиги ҳақида хабар берганди — бу маблағ конгресс билан келишилган.
Нашрнинг Пентагондаги манбалари Байден маъмурияти бу маблағларни имкон қадар 20 январга қадар етказиб беришга ҳаракат қилиши, чунки Доналд Трампнинг инаугурация маросимидан кейин сарфланмаган маблағлар Киевга етказилмай қолиши мумкинлиги ҳақида хабар беришганди. Шу билан бирга, 5,6 миллиард доллар — катта маблағ экани, шу туфайли Байден маъмурияти уларнинг барчасини сарфлашга улгурмаслигини қайд этишганди.
Бу 2023 йил январидан буён АҚШнинг рекорд миқдордаги бир марталик ҳарбий ёрдами бўлмоқда, ўшанда 2,85 миллиард доллар ажратилганди. Шундан кейинги траншлар миқдори бир неча юз миллион доллардан ошмаган.
CNN телеканали сентябр ойида АҚШ ўз қурол захиралари қисқараётгани туфайли 2024 йил апрелдан Украинага ҳарбий ёрдам ҳажмини қисқартирганини маълум қилганди. 2024 йил декабрга келиб ёрдам пакетлари яна ошди: 3 декабр куни Оқ уй Украинага 725 миллион долларлик, 7 декабрда — 988 миллион, 13 декабрда эса 500 миллион долларлик ёрдамларини эълон қилди.