Жаҳон | 16:04 / 31.12.2024
2104
3 дақиқада ўқилади

El Al компанияси Москвага парвозларни март охиригача тўхтатди

AZAL самолёти Россия ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилгани маълум бўлгач, El AL Москвага парвозларни бир ҳафтага тўхтатди. Энди Исроилнинг миллий авиаташувчиси парвозлар апрелгача давом этмаслигини эълон қилди.

Фото: Achille Abboud/IMAGO

Исроилнинг El Al миллий авиаташувчиси Тел-Авивдан Москвага парвозларни тўхтатиб туриш муддатини март ойи охиригача узайтирди, деб ёзди The Times of Israel газетаси 30 декабр, душанба куни. Қозоғистонда ҳалокатга учраган Озарбойжоннинг Embraer 190 самолёти Россия ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилгани маълум бўлгач, дастлаб парвозлар бир ҳафтага тўхтатиб қўйилди. Газета авиакомпания баёнотига иқтибос келтирган ҳолда ёзишича, «вазиятни ҳар томонлама баҳолашдан» сўнг, El Al Тел-Авив - Москва йўналиши бўйича барча парвозларини «қиш парвозлар жадвали охиригача» тўхтатиб қўйганини айтди. Баёнотда, шунингдек, бу қарор мамлакат расмийлари билан мулоқот асосида қабул қилингани қайд этилган.

EL AL Озарбайжон лайнери ҳалокатга учрагач, Россиянинг қатор аэропортларига парвозларни тўхтатган авиаташувчилардан бирига айланди. Azerbaijan Airlines (AZAL) компанияси «хавфсизлик муаммолари» туфайли Россиянинг ўнта шаҳрига парвозларни вақтинча тўхтатганини эълон қилди.

Қозоғистоннинг Qazaq Air, FlyDubai ва Turkmenistan Airlines (Туркманистон ҳаво йўллари) ҳам айрим шаҳарларга – асосан Россия жанубига парвозлар вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар берди.

Қозоғистон AZAL самолётининг қора қутиларини Бразилияга жўнатди

Azerbaijan Airlines самолётининг Оқтов яқинида қулаши сабабларини ўрганувчи комиссия Бразилияга жўнаб кетди. Бу ҳақда 30 декабр куни Қозоғистон Транспорт вазирлигининг Telegramʼдаги саҳифасида маълум қилинди.

Унга кўра, қора қутилар Бразилиянинг Авиация ҳодисаларини текшириш ва олдини олиш маркази (CENIPA)га етказилади.

Embraer Бразилия компаниясининг самолётидан олинган парвоз ёзувлари маълумотларни олиш учун Жанубий Америка давлатига юборилди, деб хабар қилди Reuters Бразилия ҳарбий-ҳаво кучлари баёнотига таяниб.

Бортда овоз ёзиш мосламаси ва парвоз маълумотларини ёзиш мосламасидан олинган маълумотлар Бразилия авиатадқиқотчиларининг лабораториясида қайта ишланади ва бу жараён Қозоғистон, Россия ва Озарбойжон вакиллари томонидан назорат қилинади. Бразилия ҳарбий-ҳаво кучларига кўра, ёзувлар 31 декабр куни етказилади.

Мавзуга оид