Ўзбекистон | 07:30 / 31.12.2024
2578
1 дақиқада ўқилади

Ўсимлик ёғини олиб киришда нол бож ставкаси узайтирилди

Президент фармонига кўра, ўсимлик ёғи импортида божхона божининг нол ставкалари 2026 йил 1 январгача амал қиладиган бўлди. 

Фото: Kun.uz

Шавкат Мирзиёев 27 декабрдаги фармони билан ўсимлик ёғи импорти учун божхона божларининг нол ставкаси муддатини узайтирди.

Ҳужжат билан кунгабоқар, махсар ва пахта ёғлари ҳамда уларнинг фракцияларини (кимёвий таркиби ўзгартирилмаган ҳолда рафинацияланган ёки рафинацияланмаган) импорт қилишда божхона божи нол ставкасининг амал қилиш муддати 2026 йил 1 январгача узайтирилди (ТИФ ТН коди 1512).

Бироқ янги, совитилган ёки музлатилган парранда гўшти ва озиқ-овқат қўшимча маҳсулотларини (ТИФ ТН коди 0207) олиб киришда имтиёз узайтирилмади.

Гўшт, ёғ, ун, совун ва бошқа беш турдаги товарларни олиб кириш бўйича божлар 2021 йил 30 декабрда нолга тенглаштирилганди, бу тартиб 2022 йил 31 декабрга қадар амал қилган, кейин эса муддат 2023 йилга қадар ва 2024 йилга қадар узайтирилганди.

Кейинчалик 2025 йилгача имтиёзлар фақат ёғ ва парранда гўшти учун узайтирилган.

Мавзуга оид