Жаҳон | 15:09 / 31.12.2024
1270
3 дақиқада ўқилади

РФда Навалний китобининг электрон версиясини бепул юклаб олиш мумкин

Алексей Навалнийнинг «Патриот» автобиографияси электрон форматда чоп этилди. Россиядаги фойдаланувчилар уни бепул юклаб олишлари мумкин, деди мухолифатчининг беваси Юлия Навалная.

30 декабр, душанба куни чоп этилган Алексей Навалнийнинг «Патриот» хотиралар китобининг электрон версиясини Россиядан фойдаланувчилар бепул юклаб олишлари мумкин. Бу ҳақда россиялик мухолифатчининг беваси Юлия Навалная маълум қилди ва бунинг учун рўйхатдан ўтиш ёки маълумот қолдиришнинг ҳожати йўқлигини таъкидлади: «Шунчаки сайтга киринг, махсус тугмани босинг — шунда сизда китоб бўлади».

«Мен бу китобни иложи борича кўпроқ одамлар ўқишини хоҳлайман», — деб ёзди у ижтимоий тармоқларда. Навалная постга қўшилган видеомурожаатида тушунтирганидек, «ўнлаб мамлакатларда миллионлаб одамлар шунчаки дўконга бориб сотиб олиш имконига эга экани, лекин Россияда бу ҳали мумкин эмаслиги яхши эмас».

Бошқа мамлакатлар аҳолиси Навалнийнинг электрон форматдаги хотираларини 10 еврога сотиб олишлари мумкин.

Бир вақтнинг ўзида 26 тилда нашр этилган Алексей Навалнийнинг «Патриот» автобиографияси 22 октябр куни сотувга чиқди. Германияда китоб Fischer томонидан нашр этилган. Нашриёт веб-сайтида таъкидланганидек, бу - «ўз эътиқодлари учун энг юқори нархни тўлаган қўрқмас мухолифат лидерининг кучли ва таъсирли автобиографияси».

РФда кардиожарроҳ ФБКга донат юборгани учун тўрт йилга қамалди

Москванинг Перовский суди кардиожарроҳ Иван Тишченкони 24 декабр куни «экстремистик фаолиятни» молиялаштириш (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 282.3-моддаси 1-қисми) моддаси бўйича тўрт йилга умумий режимдаги колонияга ҳукм қилди. Бу ҳақда «Москва шаҳрининг умумий юрисдикция судлари» Telegram-каналида айтилган. SOTAvision нашрининг аниқлик киритишича, бундай ҳукмга Тишченконинг марҳум россиялик мухолифатчи Алексей Навалний шерикларининг Коррупцияга қарши кураш фонди (ФБК)га маблағ хайрия қилгани сабаб бўлган.

Иван Тишченконинг адвокати Наталя Тихонова РБК агентлигига берган изоҳида ҳимоячи ҳукмдан ҳайратда қолганини ва устидан шикоят қилишни режалаштираётганини айтди. «Бу минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолган ва, албатта, Россиянинг конституциявий тузумига хавф туғдириш ниятида бўлмаган шахс учун жуда оғир жазо, у ФБК экстремистик ташкилот деб тан олинишидан олдин обуна бўлган ва обунани бекор қилишни унутган», — деди у.

SOTAvision шунингдек, жарроҳ озодликда бўлганида журналистларга ФБК Россияда «экстремистик» деб тан олинмасидан олдин пул хайрия қилганини, аммо обунани вақтида бекор қилишни унутганини таъкидлаган. Тишченко бу ишда айбини тан олди. Унинг иши бор-йўғи бир ҳафта, 2024 йил 17 декабрдан бошлаб кўриб чиқилди.

Мавзуга оид