Carvon АЁҚШларида Аи-80 бензини 8150 сўмгача қимматлашди
Қай тариқа хусусийлаштирилгани номаълум бўлиб қолаётган мамлакатдаги энг йирик АЁҚШлар тармоғида Аи-80 маркали бензиннинг нархи охирги 1 йилда 34 фоизга ошди. “Ўзбекнефтгаз”га кўра, 1 январдан бошлаб Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг барча турдаги нефт маҳсулотлари фақат биржа орқали сотила бошлаган.
Ўзбекистондаги энг йирик АЁҚШлар тармоғи бўлмиш Carvon (собиқ UNG Petro) шохобчаларида 1 январдан бошлаб Аи-80 маркали бензин нархи кескин ошди.
Нарх бирданига 18,1 фоизга қимматлаб, 1 литр учун 6900 сўмдан 8150 сўмгача кўтарилган. Бунинг сабаби борсида расмий изоҳ берилганича йўқ.
2024 йил 1 январдан бошлаб, акциз солиғ бўйича имтиёз бекор қилингач, Аи-80 бензини нархи 6050 сўмдан 6800 сўмгача ошганди. Шу тариқа, жорий нарх ошиши билан, охирги бир йилда ушбу ёқилғи 33,9 фоизга қимматлашди.
Аи-80 маркали бензин Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқарилади. Заводга эгалик қилувчи “Ўзбекнефтгаз” АЖ 29 декабр куни баёнот бериб, 1 январдан эътиборан барча турдаги нефт маҳсулотлари фақат биржа орқали сотилишини маълум қилган.
“2025 йил 1 январдан эътиборан “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган барча турдаги нефт маҳсулотлари, шу жумладан, автобензин ҳам фақат биржа савдолари орқали эркин рақобат муҳитида сотувга чиқарилади.
Республика аҳолисининг автобензинга бўлган талабини бир маромда қондириш масаласи давлат назоратига олинган бўлиб, бунинг учун барча имкониятлар сафарбар этилган”, – дейилади “Ўзбекнефтгаз” баёнотида.
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, UNG Petro бир йил аввал хусусийлаштирилганига қарамай, бензинни биржадан ташқари, яъни тўғридан тўғри ва имтиёзли нархларда сотиб олиш имконига эга бўлган.
“Қизиғи, ҳали 2025 йил ҳисобидан биржа бирон кун ишлагани йўқ ва илк савдолар 3 январ куни ўтказилади. Бу дегани биржадан олинган бензин UNG Petro заправкаларида фақат келаси ҳафтадан сотилиши мумкин. Демак, ҳозирги 8 150 сўмдан сотилаётган бензин имтиёзли нархларда ва ўтган йили тўғридан тўғри олинган арзон бензиннинг қолдиғи”, – дея ёзган Бакиров ҳолатга Рақобат ва Солиқ қўмиталари муносабат билдириши кераклигини қайд этган.
Мамлакатдаги энг йирик АЁҚШлар тармоғи хусусийлаштирилгани боасида расмийлар ҳамон изоҳ бермай келмоқда. Жамоатчилик ва ОАВ бу ҳақда 2024 йил 1 март куни хабар топган эди.
Республика бўйлаб қарийб 70 та бензин қуйиш шохобчаси Petroleum Technology Group эгалигига ўтган. Компанияга собиқ ташқи ишлар вазирининг ўғли Дониёр Комилов эгалик қилади.
Кўп ўтмай Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи ҳам ушбу Petroleum Technology'га ўтгани ойдинлашган. Активларнинг собиқ эгаси бўлмиш “Ўзбекнефтгаз”, ваколатли органлар – Давлат активларини бошқариш агентлиги, Рақобат қўмитаси ва бошқа масъул идоралар ҳалигача ушбу хусусийлаштириш жараёнлари борасида расмий маълумот бермаган. Активлар қачон, қанча нархга сотилгани, ёки умуман сотилганми ёки бошқача тарзда бегоналаштирилганми – номаълум бўлиб қолмоқда.
Мавзуга оид
17:32 / 04.01.2025
Тадбиркорларни электрдан қарзи учун тармоқдан узишни тўхтатиш режалаштириляпти
14:00 / 04.01.2025
Юридик шахсларга электрга тўловларни мобил иловалар орқали амалга ошириш имкони яратилади
21:47 / 02.01.2025
Энергетика вазири ўринбосари электромобил станцияларининг тармоқдан узилганига изоҳ берди
19:49 / 02.01.2025