Жаҳон | 08:05 / 02.01.2025
4085
2 дақиқада ўқилади

Шолц: Янги Орлеандаги одамлар кўр-кўрона нафрат туфайли ўлдирилди

Янги йилда Янги Орлеанда автомашинани одамларга қараб ҳайдаш оқибатида қурбонлар бўлганлар «кўр-кўрона нафрат туфайли» ўлдирилди, деди Германия канцлери. Сўнгги маълумотларга кўра, камида 15 киши ҳалок бўлган.

Фото: MATTHEW HINTON/AFP

Германия канцлери Олаф Шолц ва Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича янги олий вакили Кая Каллас 1 январ, чоршанба куни Янги Орлеандаги ҳужум муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

«Янги Орлеандан даҳшатли хабар: байрамни нишонлаётган бахтли одамлар кўр-кўрона нафрат туфайли ҳалок бўлди ёки яраланди. Биз қурбонларнинг оила аъзолари ва яқинлари билан биргамиз ва жабрланганларнинг барчаси тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз», деб ёзган Шолц ижтимоий тармоқда.

«Янги Орлеанда янги йил байрамида қасддан қилинган ҳужумдан чуқур қайғудаман. Бундай зўравонлик учун ҳеч қандай асос йўқ. Расмийлар терговни давом эттирар экан, биз ушбу фожиали даврда қурбонлар ва уларнинг оилалари билан тўлиқ бирдаммиз», — дейди Каллас. 

Ҳалок бўлганлар сони 15 нафарга етди

1 январга ўтар кечаси АҚШ жанубидаги Янги Орлеан шаҳрида эркак киши ўз машинасини атайлаб янги йил байрамини нишонлаётган оломонга қараб ҳайдади. Охирги маълумотларга кўра, камида 15 киши ҳалок бўлган, ўнлаб кишилар яраланган. Полиция бошлиғи Энн Киркпатрикнинг айтишича, қочганидан сўнг ҳужумчи зобитларга қарата ўқ узган ва улардан икки нафарини яралаган.

Федерал тергов бюроси (ФТБ) ҳужумчи Шамсуд Д. исмли 42 ёшли АҚШ фуқароси эканлигини маълум қилди. Унинг машинасидан ИШИД байроғи ва иккита қўлбола портловчи қурилма топилган ва зарарсизлантирилган. Ҳужумчи ёлғиз ҳаракат қилмаган, деб ишонишга асос бор, дея қўшимча қилди ФТБ. Унинг террорчилик ташкилотларига алоқадорлиги текширилмоқда.

АҚШ президенти Жо Байденнинг айтишича, ҳужумчи ижтимоий тармоқда видео чоп этган, ундан кўриниб турибдики, у ҳужумни амалга ошираётганда ИШИД ғояларидан илҳомланган ва «ўлдириш истагида» бўлган.

Мавзуга оид