Жаҳон | 14:38 / 02.01.2025
2609
2 дақиқада ўқилади

Венгрия ЕИдан миллиардлаб евро дотация олиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди

Умуман олганда, Еврокомиссия Венгрия учун мўлжалланган 19 миллиард еврога яқин маблағни блоклади. Виктор Орбан ЕКга босим ўтказишга ҳаракат қилмоқда.

Фото: DW

Венгрия Европа Иттифоқидан 1,04 миллиард евролик ёрдам олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Бу ҳақда 1 январ, чоршанба куни Еврокомиссия (ЕК) матбуот котиби баёнотига таяниб, AFP хабар берди. Ушбу маблағларни олиш учун Венгрия 2024 йил охиригача ҳуқуқий ислоҳотларни амалга ошириши керак эди.

ЕИ пуллари Будапештга тизимли заиф ҳудудларни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасида берилган, аммо 2022 йил охирида Европа Комиссияси Венгрия Европа Иттифоқининг демократик стандартлари ва асосий қадриятларини бузяпти деган хулосага келганидан сўнг, у музлатиб қўйилган. Гап коррупция, порахўрлик ва манфаатлар тўқнашувига қарши курашиш чора-тадбирлари, шунингдек, сиёсий партияларни молиялаштириш ва оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш масалалари ҳақида борган.

«Венгрия Европа Комиссияси учун қонун устуворлиги ҳақида гап кетганда ҳақиқий тизимли муаммо туғдиради», деди адлия масалалари бўйича Европа комиссари Диде Рейндерс 2024 йил июн ойида қонун устуворлиги тўғрисидаги ҳисобот тақдимотида. Унинг сўзларига кўра, Будапешт Европа Иттифоқининг аввалги йиллик ҳисоботида аниқланган қонун устуворлиги бузилишини бартараф этишда деярли ҳеч қандай муваффақиятга эришмаган. Бундан ташқари, ўшандан бери қонунбузарликлар сони саккизтага етди.

Европа Иттифоқининг қонун устуворлиги механизми, агар у муайян стандартларни бузса, Европа Иттифоқи бюджетидан мамлакатга тўловларни камайтиришга имкон беради.

Умуман олганда, Европа Комиссияси Венгрия учун мўлжалланган 19 миллиард еврога яқин маблағни, жумладан, қўшимча субсидиялар ва коронавирус пандемиясининг оқибатларига қарши курашда ёрдамни блоклаб қўйган. Декабр ойи бошида Венгрия бош вазири Виктор Орбан, агар Брюссел музлатилган маблағларни бермаса, ЕИнинг етти йиллик бюджетига вето қўйиш билан таҳдид қилган эди.

Мавзуга оид