Жаҳон | 14:41 / 02.01.2025
2715
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Трампнинг бож тўловини ошириш ҳақидаги таҳдидига тайёр - Тобиас Линднер

Доналд Трамп Европа Иттифоқига агар европаликлар АҚШдан нефт ва газ сотиб олмаса, божхона тўловларини ошириш билан таҳдид қилмоқда.

Фото: DPA

Европа Иттифоқи АҚШнинг янги маъмурияти томонидан божлар оширилиши мумкинлигига тайёр, дейди Германия ҳукуматидаги трансатлантик алоқалар координатори Тобиас Линднер. «Агар Доналд Трамп Европа Иттифоқига нисбатан юқори тарифларни жорий қилса, ЕИ бунга тайёр», деди Линднер 1 январ, чоршанба куни чоп этилган AFP агентлигига берган интервюсида. Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи тегишли қарши чораларни диққат билан кўриб чиқади, аммо ҳозирча тафсилотларни ошкор қилмайди.

Трамп Евроиттифоқдаги ҳамкорларга, агар улар АҚШдан нефт ва газ сотиб олиб, мамлакатнинг савдо камомадини камайтирмаса, «божлар» билан таҳдид қилди. Тобиас Линднернинг сўзларига кўра, бу иқлимни муҳофаза қилиш ва энергияга ўтиш сиёсати «пировард натижада қаттиқ иқтисодий ва савдо сиёсати» эканлигини кўрсатади.

Америкалик ҳамкорлар билан музокараларда «Қўшма Штатларда немис фирмалари қаерда қўшимча қиймат яратаётгани, айниқса автомобилсозлик соҳасини» ва кўплаб иш ўринлари бунга боғлиқлигини таъкидлаш керак, деди немис сиёсатчиси. «Компаниялар на Германия, на Америка концерни эмас – улар иккаласиники ҳам», деди у.

Трампнинг кескин дипломатик услубига тўхталиб, Линднер у билан муомала қилишда ўлчовли ёндашувни тавсия қилди. Бир томондан, Германия АҚШнинг янги маъмуриятини ўз талабларини бажариб, рози қилишга уринмаслиги керак. Бошқа томондан, Вашингтоннинг ҳар қандай ножўя баёнотларига хотиржам қараш ва уларга совуққонлик билан жавоб бериш керак, деди координатор.

Мавзуга оид