Иқтисодиёт | 22:07 / 03.01.2025
4861
3 дақиқада ўқилади

2024 йилда Ўзбекистондаги нархлар қандай ўзгарди?

Ўзбекистонда 2024 йилги расмий инфляция 9,8 фоизни ташкил этди. Йил давомида озиқ-овқатлардан мол гўшти нархи 13,3 фоиз, қўй гўшти нархи 14,6 фоизга ошган бўлса, гуруч, шакар ва тухум арзонлашгани қайд этилди. Электр энергияси 67 фоизга, табиий газ 2,3 баробарга, пропан 30,9 фоизга, метан эса 21 фоизга қимматлашган.

Фото: Kun.uz

2024 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда расмий инфляция 9,8 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, ўтган йилда озиқ-овқат нархлари 2,4 фоизга (2023 йилда – 9,7 фоиз), ноозиқ-овқат товарлар 7,7 фоизга (7,7 фоиз), хизматлар нархи эса 26,7 фоизга (8,7 фоиз) ошган.

Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўзгариши

Расмий статистикага кўра, ўтган йил давомида гуруч 6,3 фоизга, буғдой уни 3,9 фоизга, шакар 3,7 фоизга, тухум 7,3 фоизга арзонлашган.

Ўз навбатида бир қатор асосий турдаги товарларнинг баҳоси сезиларли даражада қимматлашган:

  • Суякли мол гўшти – 13,3 фоиз;
  • Қўй гўшти – 14,6 фоиз;
  • Товуқ гўшти – 1 фоиз;
  • Кунгабоқар ёғи – 14,6 фоиз;
  • Пахта ёғи – 15,3 фоиз;
  • Сут – 6 фоиз;
  • Кефир – 6,6 фоиз;
  • Оқ қанд – 2.8 фоиз;
  • Тирик, совитилган балиқ – 6,8 фоиз;

2024 йил давомида бақлажон, лимон, помидор ва бодринг, булғор қалампири, банан нархларида пасайиш қайд этилган. Картошка, саримсоқ, сабзи, пиёз, мандарин, кўкатлар нархлари эса 1,4-39,9 фоиз оралиғида ўсган.

Энергетика ресурслари нархларининг ўзгариши

Ўтган йилда умумий инфляцияга энг кўп таъсир қилган омил – энергетика ресурслари нархларининг ошиши бўлди. Хусусан, 2024 йилда турар жой хизматлари, сув, электр, газ ва бошқа ёнилғи турларининг нархи қуйидагича ўзгарган:

  • Таъмирлаш ва турар жойларга хизмат кўрсатиш – 10,3 фоиз;
  • Иситиш тизими – 36 фоиз;
  • Иссиқ сув таъминоти – 32,1 фоиз;
  • Табиий газ – 129 фоиз;
  • Электр энергияси – 67 фоиз;
  • Чиқиндиларни йиғиш – 54,7 фоиз.

Статистика органига кўра, ўтган йилда бензин нархи 5,9 фоизга, пропан нархи 30,9 фоизга, метан нархи 21 фоизга қимматлашган.

2024 йил 1 апрелдан тиббий хизматлар ва Ўзбекистонга олиб кирилган дори воситалари бўйича ҚҚС имтиёзининг бекор қилиниши фонида ушбу сектордаги нархларнинг ошиши ҳам йиллик умумий инфляциядан анча баланд шаклланган. Жумладан, нархлар қуйидаги кўринишда ошган:

  • Дори воситалари – 26,2 фоиз;
  • Профилактик ва ҳимоя воситалари – 20 фоиз;
  • Шахсий фойдаланиш учун тиббий ускуналар – 15,3 фоиз;
  • Стоматология хизматлари – 12,4 фоиз;
  • Тиббий лабораториялар хизматлари – 14,5 фоиз;
  • Диагностика визуализацияси хизматлари – 15,6 фоиз.

Қайд этилишича, йил давомида поездлар учун чипта нархлари ўртача 12,6 фоизга (шаҳар ичидаги поездда йўл ҳақи 40,1 фоизга), такси нархлари 12,2 фоизга, самолёт учун чипта нархлари 1,2 фоизга ошган.

Давлат боғчалари учун тўлов 20 фоизга, хусусий боғчаларники 12,3 фоизга, давлат олий ўқув юртларида таълим нархи 15,1 фоизга, хусусий олий ўқув юртларида эса 0,5 фоизга қимматлаган. Репетитор хизматлари нархи эса 16 фоизга ўсган.

Мавзуга оид