Жаҳон | 17:20 / 03.01.2025
4970
3 дақиқада ўқилади

Камбағал давлатларга кўмак бериш Жаҳон банки учун қийинлашиб бормоқда

Жаҳон банки 78 та энг камбағал мамлакатга (улар орасида Ўзбекистон ҳам бор) ёрдам кўрсатишда борган сари кўпроқ қийинчиликларга дуч келмоқда. Чунки ҳар бир мамлакат олдида турган муаммолар турлича, бой мамлакатлар томонидан ажратилган ҳиссалар эса охирги ўн йилликлардаги энг кам даражага тушган, деб ёзади The Economist.

Фото: Getty Images

Жаҳон банкининг миссияларидан бири – дунё миқёсида камбағаллик ва тенгсизликни камайтириш. Бу мақсад учун банкка ривожланган мамлакатлар ва бошқа ҳомийлар маблағ ажратиб келади. Лекин бу маблағларни энг камбағал мамлакатларга адолатли тақсимлаш осон эмас.

Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) энг камбағал мамлакатларга ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади. Бугунги кунда ассоциациядан молиявий кўмак олиш ҳуқуқига эга давлатлар сони 78 та. Марказий Осиёдан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам шулар жумласидан.

The Economist'нинг ёзишича, ушбу 78 та мамлакатнинг эҳтиёжлари бир-биридан буткул фарқ қилиши ва бошқа омиллар сабаб, ассоциация томонидан уларга кўмак кўрсатиш мураккаблашиб бормоқда.

Масалан, Нигер каби мамлакатларда аҳолининг ярми ўта қашшоқликда яшайди, электр энергияси каби базавий ресурслар етишмайди. Шу билан бирга, Бангладеш каби ривожланаётган мамлакатларнинг эҳтиёжлари эса анча мураккаброқ: улар, масалан, қайта тикланувчи энергияга инвестицияларни жалб қилишлари керак.

ХТА ҳар йили бу муаммоларни ҳал қилиш учун миллиардлаб доллар ажратади, лекин талаб ҳажмининг ортиб бораётгани ва донорларинг молиявий ёрдами етарлича бўлмаётгани ташкилотнинг имкониятларини чеклаб қўймоқда.

2024 йилда ХТА ўзининг энг йирик фондини – 100 миллиард долларни жалб қилди, лекин бу маблағнинг катта қисми хайрия ҳисобига эмас, балки қарзлар орқали йиғилди.

Бой мамлакатлар томонидан ажратилган ҳиссалар инфляция ҳисобига сўнгги ўн йилликлардаги энг паст даражага тушган. Буни қоплаш учун Жаҳон банки бозордан қарз олишни кўпайтирди, айрим грантларни кредитларга алмаштирди. Бу стратегиянинг қалтис жиҳатларидан бири, у энг камбағал мамлакатларни қарзга ботириш хавфини туғдириши мумкин.

Жаҳон банки, шунингдек, иқлим ташаббусларини молиялаштириш бўйича бой давлатлар томонидан босимга учрамоқда, чунки бой мамлакатлар бу масалани устувор деб ҳисоблаяпти. Ваҳоланки, камбағал мамлакатлар учун базавий шарт-шароитлар – мактаблар, йўллар ва тиббиёт кабилар муҳимроқ аҳамиятга эга. Қайта тикланувчи энергияга инвестициялар эса, улар учун энг биринчи навбатдаги масалалар бўлмаслиги мумкин.

Айни вазиятда Жаҳон банки мавжуд талаб ва молиявий етишмовчиликлар ўртасида мувозанат топиши керак. ХТА – дунёдаги кўплаб энг камбағал мамлакатлар учун ягона молия манбайи бўлиб қолмоқда, бу эса унинг фаолияти барқарор давом этиши қанчалик муҳимлигини кўрсатади. Самарали ечимлар топилмаса, дунёда камбағаллик ва тенгсизлик муаммолари янада кучайиши мумкин.

Мавзуга оид