Жаҳон | 12:38 / 03.01.2025
2861
3 дақиқада ўқилади

Немисларнинг ярмидан кўпи - Украинага тинчликпарварларни юбориш тарафдори

Германия канцлери Шолц тинчликпарвар кучлар ҳақида жамоатчилик муҳокамасига қарши чиқди, чунки ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилишидан ҳали дарак йўқ. Мудофаа вазири Писториус ҳам бу масалани муҳокама қилишни эрта деб ҳисоблаяпти.

Фото: DW

Германия аҳолисининг ярмидан кўпи Россия билан сулҳ тузилган тақдирда Украинага тинчликпарвар кучларни юбориш ғоясини қўллаб-қувватламоқда. Бу YouGov социологик хизмати томонидан 20-23 декабр кунлари ўтказилган репрезентатив сўров натижалари, деб хабар берди dpa агентлиги 2 январ, пайшанба куни.

Респондентларнинг 56 фоизи тинчликпарвар кучларни юбориш тарафдори бўлса-да, бор-йўғи 23 фоизи улар таркибида немис ҳарбий хизматчиларини кўришни хоҳлайди, респондентларнинг учдан бир қисми (33 фоиз) Бундесвер иштирокига қарши. Сўровда қатнашган Германиянинг деярли ҳар бешинчи аҳолиси (19 фоиз) Украинага тинчликпарвар кучларни юборишга қарши. Ҳар тўртинчи одам бу масала бўйича аниқ фикрга эга эмас.

НАТО айни дамда Украина ва Россия ўртасида ўт очишни тўхтатишни қандай қилиб таъминлаш мумкинлиги масаласини муҳокама қилмоқда. Бироқ, ҳозирча ҳарбий ҳаракатлар тез орада тугаши бўйича ҳеч қандай белги йўқ.

Шу муносабат билан Германия канцлери Олаф Шолц тинчликпарвар кучлар ҳақидаги жамоатчилик муҳокамасига қарши чиқди. Германия мудофаа вазири Борис Писториус рождество олдидан Funke медиа-гуруҳига берган интервюсида, тинчликпарварлар масаласи фақат сулҳ параметрлари аниқланганда пайдо бўлишини айтди. Шу билан бирга, у «Европадаги энг йирик НАТО аъзоси ва қитъанинг етакчи иқтисодиёти бўлган Германия бунга бефарқ қараб турмаслигини» таъкидлади.

Немисларнинг аксарияти ҳукумат миграция сиёсатини танқид қиляпти

Германиянинг тўрт нафар фуқаросидан уч нафари Германия ҳукумати ноқонуний миграциянинг олдини олиш учун етарлича ҳаракат қилмаяпти, деб ҳисоблайди. 8 декабр куни эълон қилинган dpa агентлиги буюртмаси билан YouGov социологик институти томонидан ўтказилган сўров натижаси шундан далолат бермоқда. Тадқиқотнинг ўзи, dpa қайд этишича, 29 ноябрдан 3 декабргача давом этган.

Сўров натижаларига кўра, немисларнинг атиги 14 фоизи федерал ҳукумат муаммони ҳал қилиш учун етарли чора кўраётганига ишонади. Респондентларнинг яна 11 фоизи аниқ жавоб беришга қийналган. Бундан ташқари, ҳар иккинчи немис меҳнат миграциясини бошқариш соҳасини ҳали ҳам такомиллаштириш учун имкониятлар мавжуд деб ҳисоблайди.

Умуман олганда, респондентларнинг 93 фоизи ноқонуний миграцияни муаммо деб ҳисоблайди, 51 фоизи муаммони «жуда катта», 27 фоизи эса «жиддий» сифатида кўради. Ҳар етти немисдан бири буни «аҳамиятсиз» деб ҳисоблайди ва сўровда қатнашганларнинг атиги икки фоизи Европа Иттифоқига аъзо бўлмаганларнинг Германияга кириш ёки яшаш учун рухсатномасиз қолишида муаммо йўқлигини кўрмоқда. Ҳар иккинчи немис фуқароси сўнгги ўн йил ичида иммиграция Германия учун ёмон натижалар келтирганига ишонади.

Мавзуга оид