Ўзбекистон | 16:17 / 03.01.2025
4129
2 дақиқада ўқилади

«Палов индекси»: Ўзбекистонда ош нархи бир йилда қанчага ошди?

2024 йил давомида палов нархи Андижонда 28,9 фоизга, Фарғонада 23,7 фоизга, Тошкент шаҳрида 20,5 фоизга қимматлади. Бу – расмий озиқ-овқат инфляциясидан бир неча баробарга юқори. Ош баҳосининг энг кам ошиши Сирдарё вилояти (2,1 фоиз) ва Қорақалпоғистон Республикасида (9,9 фоиз) кузатилди. 

Фото: Koolinar.ru

Ўзбекистон Статистика агентлиги ҳар ой якунида ҳудудлардаги ош марказларида сотилаётган паловнинг ўртача нархларини эълон қилиб боради. Kun.uz ушбу маълумотлар асосида ўзбекистонликларнинг асосий истеъмолидаги миллий таоми бўлган палов нархларининг ўзгаришини ўрганди.

2024 йилнинг декабр ойида энг қиммат палов Тошкент шаҳрида сотилган – бир порцияси 35 744 сўм. Кейинги ўринлардан Бухоро (33 717 сўмдан) ва Андижон (27 000 сўмдан) вилоятлари жой олган. Энг арзон ош эса Наманган вилоятида – бир порцияси 22 201 сўмдан сотилган.

2023 йилнинг декабри билан таққослаганда бир йил ичида палов нархи Андижонда 28,9 фоизга, Фарғонада 23,7 фоизга, Тошкент шаҳрида 20,5 фоизга қимматлаганОш баҳосининг энг кам ошиши Сирдарё (2,1 фоиз) ва Қорақалпоғистонда (9,9 фоиз) кузатилган.

Маълумот учун, Статистика агентлиги 2024 йил якунлари бўйича Ўзбекистондаги инфляция даражасини 9,8 фоиз деб эълон қилди. Хусусан, ўтган йилда озиқ-овқат маҳсулотлари 2,4 фоизга қимматлашган. Эътиборли жиҳати, Сирдарёдан бошқа барча ҳудудларда палов нархининг ошиши расмий инфляциясидан юқори бўлган. Бу кўрсаткич Андижонда 3 баробар, Фарғона ва Тошкентда эса 2 баробардан баландроқ шаклланган.

Палов учун зарур асосий маҳсулотлар нархининг ўзгариши

Статистика органига кўра, ўтган йил давомида суякли мол гўшти нархи 13,3 фоизга, қўй гўшти 14,6 фоизга қимматлашган бўлса, гуруч ва гуруч оқшоғи нархи 6,3 фоизга арзонлашган.

Ўз навбатида, пиёз нархи 2,2 фоизга, сабзи нархи 18,3 фоизга, кунгабоқар ёғи нархи 14,6 фоизга, пахта ёғининг баҳоси эса 15,3 фоизга ошган.

Мавзуга оид