Жаҳон | 11:35 / 03.01.2025
1351
2 дақиқада ўқилади

Сиёсий маҳбус Горинов Евроиттифоқ мукофотига номзод бўлди

Шунингдек, Киев ва Лвив мэрлари Европа Иттифоқи томонидан инсон ҳуқуқлари учун кураш, фуқаролик позицияси ва муҳтожларни қўллаб-қувватлагани учун Павел Адамович мукофотига даъвогарлик қилмоқда.

Фото: Alexander Zemlianichenko/AP/picture alliance

Россиялик сиёсий маҳбус, собиқ муниципал депутат Алексей Горинов Европа Иттифоқи томонидан инсон ҳуқуқлари учун кураш, фуқаролик позицияси ва муҳтожларни қўллаб-қувватлагани учун бериладиган Павел Адамович мукофотининг қисқа рўйхатига киритилди. Тегишли хабар Европа минтақалар қўмитаси матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Шунингдек, мукофотга Киев мэри Виталий Кличко, Лвив мэри Андрей Садовий, Франциядаги Camp des Milles асосчиси Ален Шураки, Фаластин ва Исроил ҳамжамиятлари раҳбарлари Бассам Арамин ва Рами Элханан, Испаниядан «Камира» аёллар уюшмалари миллий федерацияси даъвогарлик қиляпти.

Ғолиблар 13 январ куни 2019 йилда ўлдирилган Павел Адамович мэр бўлган Гданскда эълон қилинади. Тақдирлаш маросими 20 феврал куни Брюсселда Европа минтақалар қўмитасининг ялпи мажлиси доирасида бўлиб ўтади.

Алексей Гориновнинг таъқиб қилиниши

Алексей Горинов 2022 йилнинг 26 апрелидан бери ҳибсда. 2022 йил июл ойида у «сиёсий нафрат асосида ўз мансаб мавқейидан фойдаланган ҳолда бир гуруҳ шахслар томонидан Россия Федерацияси Қуролли кучлари тўғрисида била туриб ёлғон маълумотни оммавий тарқатганлик» учун етти йилга умумий режимли колонияга ҳукм қилинди. Депутатлар кенгаши йиғилишида сиёсатчи бошқа нарсалар қатори «Украинада давом этаётган ҳарбий тажовуз қурбонлари учун» бир дақиқа сукут эълон қилишни таклиф этган.

Шу билан бирга, Горинов Украинадаги уруш туфайли Красноселский районида кўнгилочар тадбирларни ташкил этишга қарши чиқди. «Қўшни суверен давлат ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётганда, бизнинг мамлакатимизнинг тажовузкорлиги амалга оширилаётганда қандай дам олиш ва ўйин-кулги ҳақида гапириш мумкин», деди депутат. Кейинчалик унга қарши иккинчи жиноий иш очилди. 29 ноябр куни Горинов терроризм учун қўшимча уч йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Мавзуга оид