Днестрбўйида электр энергиясини режали тарзда ўчириш бошланди
«Газпром» томонидан газ таъминоти тўхтатилиши муносабати билан Днестрбўйида электр узилишлари бошланди.
Тан олинмаган Днестрбўйи ҳудуди аҳолиси электр таъминотидаги узилишлар ҳақида огоҳлантирилди. Тегишли хабар 3 январ, жума куни Telegramʼда ҳудудий «Иқтисодий ривожланиш вазирлиги» томонидан эълон қилинди.
Ўчиришлар аҳолининг «ҳозирда электрни тармоқ ишлаб чиқарганидан кўра кўпроқ истеъмол қилиши» билан боғлиқ. Узилишлар Тираспол, Бендерининг бир қатор районлари, Каменки шаҳрининг саноат сектори, Рибница ва унинг атрофидаги районлар, шунингдек, Гиска қишлоғига таъсир қилади.
Баъзи аҳоли пунктларига етказиб бериш маҳаллий вақт билан соат 18.00 дан 22.00 гача (Тошкент вақти билан 21.00 дан 01.00 гача) даврда бир соат давомида тўхтатилади. Бундай ҳолда, белгиланган муддат «технологик жараён»нинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда 30 дақиқага оширилиши мумкин.
Днестрбўйида деярли барча саноат корхоналари иши тўхтаб қолди
Днестрбўйида саноат корхоналари иши энергия ресурслари етишмаслиги туфайли тўхтатилди. Бу ҳақда 2 январ куни ҳукумат бош вазирининг биринчи ўринбосари, тан олинмаган Днестрбўйи Молдавия Республикаси (ДМР) иқтисодий ривожланиш вазири Сергей Оболоник маълум қилди. «Инқироз шунчалик оғирки, қайси корхоналар тўхтаганини санаб ўтишнинг ҳожати йўқ, фақат озиқ-овқат ишлаб чиқариш билан шуғулланадиганлар бундан мустасно», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради «Новости Приднестровья» Telegram-канали. Вазият Россия газини Украина орқали етказиб беришнинг тўхтатилиши билан боғлиқ.
ДМР ҳукумати 5 январдан кейин вазиятни батафсил таҳлил қилиши кутилмоқда, бунда фуқаролик секторида истеъмол қандай экани аниқ бўлади. «Биз энергия балансини қандайдир тарзда топиш учун маълум энергия харажатларини блоклаш ёки камайтириш орқали саноат агентларимизни қўллаб-қувватлаш имконини қидирамиз», деди Оболоник. Вазир энергетика соҳасидаги вазият ижобий томонга ўзгаришига умид билдирди ва агар энергия инқирози узоқ вақт давомида ҳал этилмаса, «қайтариб бўлмайдиган ўзгаришлар рўй бериши, яъни корхоналар ўз имкониятларини йўқотиши мумкин»лигини тушунтирди.
Мавзуга оид
12:38
Днестрбўйида аҳоли сув таъминоти билан боғлиқ муаммо ҳақида огоҳлантирилди
15:27 / 05.01.2025
Россиянинг Молдова билан газ уруши: Днестрбўйида иситиш йўқ, юзлаб корхоналар ёпилиб, минглаб кишилар ишсиз қолди
08:14 / 03.01.2025
Днестрбўйида деярли барча саноат корхоналари иши тўхтаб қолди
11:08 / 24.12.2024