Жаҳон | 21:48 / 04.01.2025
25900
5 дақиқада ўқилади

Тўқаев давлат газетасига интервю бериб, Назарбоевни очиқ танқид қилди

Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоев – ҳали тириклик вақтидаёқ шарафига ҳайкал қўйилиб, тириклик вақтидаёқ ҳайкали йиқитилган уникал сиёсатчи. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас экан. Қозоқлар уч йил аввалги намойишларда “чол кет”, деб бақириб, мамлакат сиёсий ҳаётидан чиқишини талаб қилган элбошининг бошида яна бошқа синовлар ҳам бор экан.

Масалан, тунов куни Қозоғистоннинг «Она тили» газетасига интервю берган Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев собиқ президент Назарбоевни очиқчасига танқид қилди. Aфтидан, Тўқаев президент бўлгач, ўзига бўлган ишончи анча ошган. Aхир 6 йил аввал худди шу Тўқаев Назарбоевга пахта қўйиб, пойтахт Остона номини Нурсултон деб ўзгартирганди. Энди эса қозоқларнинг «Халқ сўзи»га ўхшаган газетасига интервю бериб, Назарбоевни сиёсий андишасизликда айблади. Видеода ўша интервюнинг баъзи жойларига тўхталамиз.

«Сиёсий андишаси билан ажралиб турмаган»

Қозоғистонда президент алмашган вақтни эсласангиз керак. 2019 йилда Назарбоев кутилмаганда президентликдан кетишини эълон қилади. Бир мамлакатни 28 йилдан буён бошқараётган одамнинг кетишини кутилмаганда дейиш аслида жуда ғалати. Майли, бу ҳақида алоҳида гаплашармиз. Хуллас, ўшанда сенат раиси бўлган Тўқаев автоматик тарзда президент вазифасини бажарувчи лавозимига киришади. Кейинроқ ўтказилган сайловда табиийки ғалаба қозонади, чунки унда президент сифатида кампания ўтказиш учун яхшигина медиа устунлик бор эди. Aхир президентлик пойгаси футбол каби тенг шароитдаги ўйин эмас, унда аутсайдерлар бурчак зарбасидан кутилмаганда гол уриб, фаворитларни ютиб кетолмайди.

Хуллас, Тўқаев энди президентликка киришган ўша дамларда Нурсултон Назарбоев Хавфсизлик кенгаши раиси бўлиб қолганди. Бу эса Назарбоев ҳамон амалда Қозоғистонни бошқаряпти деган хулосага келишга ундарди. Мамлакатда бўлаётган ишлар ҳам шунга ишора қиларди. Мана энди, 5 йил ўтиб маълум бўляптики, Назарбоевнинг ўшандаги қилиқлари Тўқаевнинг нафсониятига теккан экан. Тўқаев бу борада гапирганда собиқ президентни очиқ танқид қилди.

«Тарихни тоза қоғозга қайтадан ёзиш ярамайди. Тарихга ҳам, уни яратганларга ҳам ҳаққоний муносабатда бўлиш керак. Бу миллат келажаги учун муҳим. Нурсултон Назарбоев истеъфога чиққанидан кейин Хавфсизлик кенгаши раиси сифатида қолиб очиғини айтганда, сиёсий андишаси билан ажралиб турмади. Бош вазир, Миллий банк раиси, вазирлар, ҳокимлар иштирокида мунтазам йиғилишлар ўтказди. Ҳатто хорижлик дипломатлар буни ҳайрат билан кузатишди. Одамлар орасида истеъфодан кейин Назарбоевнинг лавозими ошиб, президентни ҳам ўзига бўйсундирди, деган ҳазил пайдо бўлди. Ўшандаги вазият эса ҳазиллашадиган даражада эмасди», деб эслайди Тўқаев.

Қозоғистон президентига кўра, Назарбоевнинг бу қилиқлари сабаб мамлакатда қўшҳокимлик юзага келгани ҳақида гаплар кўпайган, ҳатто юқори доираларда ҳам шундай ўйлай бошлашган.

«Мансабдорлар синфи гоҳ у, гоҳ бу кабинетга кириб, топшириқларни чалкаштириб, саросимага тушиб қолди. Қатор амалдорлар, ҳатто элбоши президент ҳокимиятидан юқори туриш керак деб бу ҳолатни оқлашга уринди», дейди Тўқаев. Унинг сўзларига кўра Назарбоев 2021 йил Оқ ўрдага қайтишга ишора қилгани ва Петербургдаги МДҲ саммитида Қозоғистон номидан қатнашгани ҳокимият инқирозига олиб келган муҳим бурилиш бўлган.

Тўқаевга Назарбоев ҳамон Путин билан учрашиб юргани ҳам ёқмайдиган кўринади, чунки бу ишни очиқ қораламаган бўлса ҳам, қўшни давлат президенти ушбу мавзуни хушламай гапирган, шунингдек, Путин билан учрашувлар ташаббускори Назарбоев эканини алоҳида таъкидлаган.

«Назарбоев ўтган йилда Владимир Путин билан икки марта учрашди. Куз бошларидаги биринчи учрашуви ҳақида ОAВда хабар берилмади ҳам. Улар афтидан эски дўст ва ҳамкасб сифатида учрашади, бирга эслайдиган нарсалари бор. Бундай учрашувлар ташаббускори Нурсултон Aбишевич бўлиб, бу у учун жуда муҳим. Қозоғистон ССР министрлар совети собиқ раиси, партия раҳбари, кейинчалик мустақил Қозоғистон президенти сифатида у маънавий ва сиёсий жиҳатдан Кремл билан чамбарчас боғлиқ эканини унутмаслик керак. Aхир Москвага хизмат сафарларида, съездлар ва пленумларда, ишчи ва расмий ташрифларда кўп вақт ўтказган», деди Тўқаев.

Маълумот учун, Қосим-Жўмарт Тўқаев мустақил Қозоғистоннинг иккинчи президенти ҳисобланади. У 2019 йил муддатидан олдин ўтказилган президентлик сайловларида ғолиб бўлган. 2022 йил эса янгиланган конституцияга кўра қайта сайланди. Қўшни давлат бош қонуни янги таҳририга кўра, президентнинг ваколат муддати 5 йилдан 7 йилгача оширилди, қайта сайланиш эса тақиқланди.

Мавзуга оид