Жаҳон | 11:32 / 04.01.2025
3210
3 дақиқада ўқилади

Еврокомиссар: Евроиттифоқ кескин сув танқислигидан азият чекмоқда

Жессика Росвалга кўра, Европа қурғоқчиликдан азият чекмоқда, Европа Иттифоқи эса сув инқирозидан чиқиш ҳаракатлари ўрнига энергия хавфсизлигига эътибор қаратмоқда.

Фото: Ãlex Zea/Europa Press/abaca/picture alliance

Европа Иттифоқи сув танқислигини тезда бартараф этиши ва сув қувурларини тузатиш ишларини молиялаштиришнинг янги усулларини топиши керак. Бу ҳақда 3 январ, жума куни чоп этилган Financial Times газетасига берган интервюсида атроф-муҳит бўйича Европа комиссари Жессика Росвалл айтди.

Росваллнинг сўзларига кўра, Россиянинг Украинадаги уруши бошланганидан сўнг, ЕИ сув таъминоти инқирозини енгиш бўйича саъй-ҳаракатлар ўрнига энергетика хавфсизлигини таъминлашга эътибор қаратган. «Биз сув ҳақида жуда кам ва энергия самарадорлиги ва энергия ҳақида кўп гапиряпмиз ... Бу, албатта, жуда муҳим, лекин сув ҳам жуда муҳим ва Европада у етарли эмас», деди у.

«Бизнес буни энди тушунмоқда, чунки Европада қурғоқчилик бўлди ва биз атом электр станциялари ишламаётганини, транспорт катта дарёлар бўйлаб юролмаётганини кўряпмиз», — дея қўшимча қилди Росвалл содир бўлаётган воқеаларга зудлик билан муносабат билдириш зарурлигини айтиб.

ЕИ аҳолисининг деярли учдан бир қисми ҳар йили сув танқислигидан азият чекади

Европа атроф-муҳит агентлиги томонидан октябр ойида чоп этилган тадқиқотга кўра, Европа Иттифоқи ҳудудининг бешдан бири ва аҳолисининг деярли учдан бир қисми ҳар йили сув танқислигидан азият чекади. Бутунжаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, Европа Иттифоқида қурғоқчилик сони ва жиддийлиги ҳам кескин ошган. 1976 йилдан 2006 йилгача ушбу ўзгаришлардан зарар кўрган майдонлар ва аҳоли сони деярли 20 фоизга ошди.

Фермерлар ҳосилдорликнинг кескин пасайишига дуч келишмоқда. Бу тенденция саноатда ҳам ўз аксини топди, тўқимачиликдан тортиб водород ишлаб чиқаришгача, унда электролиз жараёнида сув ишлатилади.

Қишлоқ хўжалиги ва саноатга юк ортиб бораётганига қарамай, Европа Иттифоқи қувурлар ҳолатини етарлича назорат қилмаяпти, деди Росвалл. Еврокомиссия маълумотларига кўра, улар орқали етказиладиган сувнинг деярли тўртдан бир қисми тарқатиш вақтида йўқотилади.

Европа комиссарининг сўзларига кўра, қувурларни таъмирлаш ва янги тозалаш иншоотларини яратиш учун «молиялаштиришнинг янги инновацион усулларини излаш» керак.

Мавзуга оид