Арманистон Бош штаби бошлиғининг собиқ ўринбосари Тиран Хачатрян ҳибсга олинди
Генерал-лейтенантнинг тарафдорлари Хачатрянга қарши жиноий ишни «фаол фуқаролик позицияси учун жазо» деб атамоқда. У 2021 йилда мамлакат бош вазири Никол Пашинянга қарши баёнотлар берганидан кейин лавозимдан олинган эди.
Ереван суди Арманистон Қуролли кучлари бош штаб бошлиғининг собиқ ўринбосари Тиран Хачатрянни уруш вақтида масъулиятсизликка йўл қўйгани учун ҳибсга олиш бўйича қарор чиқарди. Генерал-лейтенантнинг тарафдорлари Хачатрянга қарши жиноий ишни «фаол фуқаролик позицияси учун жазо» деб атамоқда.
Масис Мелконян раислигида ўтган суд қарори тўғрисида генералнинг адвокатлари Вараздат Арутюнян ва Армен Андрикян маълум қилган. Ҳимоячиларнинг сўзларига кўра, Хачатрян айбланаётган иш бўйича тергов қарийб уч йилдан бери давом этмоқда.
Қайд этилишича, ушбу уч йил давомида генерал-лейтенент сўроқларда гувоҳ сифатида иштирок этган. Адвокатлар ишга оид тафсилотларни очиқламаган, аммо у «44 кунлик уруш» билан боғлиқ эканини таъкидлаган. Жиноят иши доирасида тўпланган ҳужжатлар беш том ва 1,5 минг саҳифага етган.
Ҳимоячиларнинг ҳисоблашича, Тиран Хачатрян иш тергови учун эмас, балки «урушдаги мағлубият учун айбдорни жазолаш» мақсадида ҳибсга олинган.
Тиран Хачатрян Бош штаб бошли ўринбосари лавозимидан 2021 йил февралда олинган эди. Генерал-лейтенант лавозимдан кетганидан кейин ўнлаб юқори мартабали ҳарбийлар Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилди. ОАВ Хачатряннинг истеъфосини лавозимдан олинган куни бош вазир ҳақида билдирган баёнотлари билан боғламоқда. Ўшанда генерал-лейтенант журналистлар билан суҳбатда бош вазирнинг Россияга тегишли «Искандер» ракеталарининг «фақат 10 фоизи портлагани» ҳақида айтган гаплари устидан кулганди.
Декабр охирида Москвада Арманистон собиқ мудофаа вазири Аршак Карапетян қўлга олинган эди. Карапетян 2018 йилдан 2021 йилга қадар Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг маслаҳатчиси бўлган. 2021 йил августда у мудофаа вазири этиб тайинланган, 15 ноябрда эса истеъфога чиқарилган.
2023 йил октябрда Карапетян Пашинянни хиёнатда айблаганди, унинг фикрича, бош вазир тан олинмаган Тоғли Қорабоғ армиясининг йўқ қилинишига сабабчи бўлган.
Мавзуга оид
18:58 / 30.12.2024
Москвада Арманистоннинг собиқ мудофаа вазири қўлга олинди — ОАВ
09:23 / 05.12.2024
Пашинян: Арманистон КХШТ билан муносабатларда ҳал қилувчи нуқтадан ўтди
21:21 / 14.11.2024
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларациясини энг катта муаммо ва фожиа деб атади
14:26 / 13.11.2024