Жаҳон | 18:58 / 30.12.2024
4692
2 дақиқада ўқилади

Москвада Арманистоннинг собиқ мудофаа вазири қўлга олинди — ОАВ

Россия нашрлари Арманистон собиқ мудофаа вазири Аршак Карапетян Москвада қўлга олингани ҳақида ёзмоқда. У ўз юртида бир қатор жиноятларда айбланиб, қидирувга берилган.

Фото: ТАСС

Москвада Арманистон собиқ мудофаа вазири Аршак Карапетян қўлга олинди. Бу ҳақда куч тузилмаларига алоқадор Telegramʼдаги «112» канали хабар берди. Собиқ амалдорнинг ушланганини «РБК» манбаси ҳам тасдиқлаган.

Нашр маълумотларига кўра, Карапетян 29 декабр куни қўлга олинган.

Таъкидланишича, Карапетян Арманистонда бир нечта модда — «тадбиркорлик фаолиятидаги ноқонуний иштироки», «мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш» ва «ҳокимиятни суиистеъмол қилиш» билан қидирувга берилган.

Мазкур маълумотлар ҳозирча расман тасдиқланмаган.

Карапетян 2018 йилдан 2021 йилга қадар Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг маслаҳатчиси бўлган. 2021 йил августда у мудофаа вазири этиб тайинланган, 15 ноябрда эса истеъфога чиқарилган.

2023 йил октябрда Карапетян Пашинянни хиёнатда айблаганди, унинг фикрича, бош вазир тан олинмаган Тоғли Қорабоғ армиясининг йўқ қилинишига сабабчи бўлган. «Мен, генерал-майор Аршак Генрихович Карапетян Озарбойжон томонининг талабини қабул қилмаганим, улар Арманистон Республикаси ҳудудига киришга уринишса, ўт очишни буюрганим учун лавозимдан четлатилдим», — деганди у.

Карапетян ўзининг ишдан бўшатилишига Қорабоғга ташрифларини ҳам сабаб қилиб кўрсатган. Хусусан, у 2021 йил 6 ноябр куни Тоғли Қорабоғга борган — бир ҳафтда ўтиб эса лавозимдан олинган.

Мавзуга оид