Блинкен: Украина фаровон келажак учун салоҳиятга эга
Икки ҳафтадан сўнг ўз лавозимини тарк этадиган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен The New York Times газетасига берган узун интервюсида Украинадаги уруш ва уни тўхтатиш имкониятларига тўхталиб ўтди.
АҚШ маъмуриятининг истеъфога чиқадиган давлат котиби Энтони Блинкен The New York Times (NYT) газетасига интервю берди. Блинкен 4 январ, шанба куни Америка газетаси томонидан чоп этилган мақоласида: «Биз Россиянинг ҳамкорликка тайёр эканлигига далолат кўрмаяпмиз», деди. Бундан ташқари, давлат котибининг таъкидлашича, «агар ўт очишни тўхтатиш бўлса, бу Путинга дам олиш ва қайта қуролланиш учун вақт беради, шунда у яна ҳужум қилиши мумкин».
Шу билан бирга, Давлат департаменти раҳбари Россиянинг Украинага қарши тажовузкор урушининг бошиданоқ президент Жо Байден маъмурияти «Россия билан тўғридан тўғри можаронинг олдини олиш учун ҳамма нарсани қилганини айтди». Сиёсатчи Украинадаги тўлиқ миқёсдаги ҳарбий можаро ҳақида, бунга Қўшма Штатлар томонидан йўл қўйилганлиги ҳақида шундай деди: «Биринчи навбатда, биз ташлаб кетаётган нарса бу - Украина давлати, бу кўринмас эди, чунки Путиннинг амбициялари уни харитадан ўчириб ташлашдан иборат эди, биз Путинни тўхтатдик, у муваффақиятсизликка учради Фикримча, у нафақат омон қолиш, балки фаровон келажак учун салоҳиятга эга».
Блинкен: Украина курашиш ёки музокара ўтказиш ҳақида бир қарорга келиши керак
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 19 декабр куни Американинг MSNBC телеканалига берган интервюсида украиналиклар «жангни давом эттириш ёки музокаралар олиб бориш ва ўт очишни тўхтатишга уриниш бўйича фундаментал қарор қабул қилиши керак» деди. Унинг қўшимча қилишича, асосий савол: «Россия буни қилишга тайёрми?»
Блинкеннинг сўзларига кўра, Қўшма Штатларнинг амалдаги раҳбарияти Киев ва АҚШ кейинги маъмуриятини 2025 йилда Кремл билан потенциал тинчлик музокараларини бошлаш учун энг яхши ҳолатга келтиришни мақсад қилган. «Ва бу биз Украинанинг жанг майдонидаги позициясини мустаҳкамлашга ҳаракат қилишимиз, унинг пул, ўқ-дори ва сафарбарлик салоҳиятига эга эканлигига ишонч ҳосил қилишимиз кераклигини англатади», деб тушунтирди у. Шу билан бирга, расмий Вашингтон «Россияга максимал босим ўтказишда» давом этиши кераклигини қўшимча қилди.
Энтони Блинкеннинг қўшимча қилишича, рус армиясининг жанг майдонидаги йўқотишлари «фавқулодда юқори». «Ёшлар гўшт қиймалагичга ташланишда давом этмоқда», — деди у.