ОАВ: Исроил «Ҳизбуллоҳ» билан узоқ муддатли сулҳ тузмоқчи
Исроил Қўшма Штатлар кўмагида Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи билан ноябр ойи охирида келишилган ва январ ойи охиригача амалда бўлган ўт очишни тўхтатиш режимини узайтиришга ҳаракат қилмоқда, деб хабар берди Исроил матбуоти мамлакат расмийларига таяниб.
Исроил Қўшма Штатлар кўмагида айни пайтда Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати билан ноябр ойи охирида келишилган 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш келишувини узайтиришга ҳаракат қилмоқда, дея хабар беради Исроил матбуоти. «АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трампнинг лавозимга киришишидан олти кун ўтиб, 26 январда 60 кун тугаса-да, Байден маъмурияти расмийлари муаммоларни ҳал қилишга ва келгуси икки ҳафта ичида ўт очишни тўхтатиш келишувининг бузилишига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда», — деб ёзди 5 январ, якшанба куни кечқурун The Jerusalem Post газетаси Исроил ҳукумати вакилидан олинган маълумотларга таяниб.
Газетанинг манбасига кўра, гап сулҳни яна 30 кунга узайтиришга уриниш ҳақида кетмоқда. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу шу куни эрталаб хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари билан кейинги ҳаракатларни муҳокама этиш учун йиғилиш ўтказди, деб ёзади The Jerusalem Post.
ОАВ: Музокаралар АҚШ иштирокида бўлиб ўтади
Хабарга кўра, америкалик воситачи Амос Хохштейн 6 январ куни Ливанда «Ливан сиёсий ва ҳарбий етакчилари» билан учрашиб, музокаралар ўтказишни режалаштирган. АҚШ Марказий қўмондонлиги генерал-майори Жаспер Жефферс Хохштейн билан учрашувга боради, деб ёзади The Jerusalem Post.
Ўз навбатида, Исроилнинг бошқа бир нашри The Times of Israel хабарига кўра, Исроил мудофаа вазири Исроил Кац унинг ҳукумати «ҳаракат қилишга мажбур бўлиши», чунки «Ҳизбуллоҳ» ўт очишни тўхтатиш келишувига риоя қилмаётгани ҳақида огоҳлантирди. Хусусан, унинг сўзларига кўра, жангчилар ҳалигача Ливан жанубидан олиб чиқилмаган, Ливан армияси эса Исроил билан чегарадош зонадаги барча қурол-яроғ ва инфратузилмани йўқ қилмаган.
Айни пайтда Исроил сулҳнинг барбод бўлишидан манфаатдор бўлиши мумкин эмас, деб ёзади The Jerusalem Post. Ноябр ойининг охиридан бери «Ҳизбуллоҳ» чегаранинг Ливан томонида келишувни якка тартибда бузмоқда, бироқ 27 ноябрда сулҳ бошланганидан бери Исроил ҳудуди ракета ҳужумларига учрамади, илгари эса бу деярли ҳар куни содир бўлган.
Исроилда фавқулодда ҳолат яна бир йилга узайтирилди
Исроил парламенти (Кнессет) мамлакатдаги фавқулодда ҳолат (ФҲ)ни яна бир йилга — 2025 йилнинг 25 декабрига қадар узайтириш тўғрисида қарор қабул қилди, деб хабар берди 24 декабр куни Исроил ОАВ. Бу таклифни 120 депутатдан 29 нафари қўллаб-қувватлади, яна етти нафари қарши овоз берди, қолганлари қатнашмади ёки бетараф қолди.
Шундай қилиб, Кнессет ўзининг Ташқи сиёсат ва хавфсизлик сиёсати ҳамда Адлия қўмитаси тавсияларига амал қилди. Фавқулодда ҳолат мамлакат ҳукуматига фавқулодда фармонлар, хусусан, миллий қонунчиликдан устун бўлган қоидаларни чиқариш имконини беради.
Кнессет Исроилдаги фавқулодда ҳолат муддатини охирги марта шу йилнинг май ойида узайтирган эди, бироқ ўшанда унинг муддати олти ой бўлган.
Мавзуга оид
18:27 / 06.01.2025
ҲАМАС гаровдаги бир қанча исроилликни озод қилишга тайёрлигини билдирди
15:52 / 03.01.2025
Исроилнинг Ғазо марказий қисмига авиазарбасида 13 киши ҳалок бўлди
14:22 / 03.01.2025
Исроил армияси: 2023 йил 7 октябрдан бери 28 ҳарбий ўз жонига қасд қилди
11:55 / 03.01.2025