«Бу *****, кечирасиз». Зеленский подкастда санкциялар, сулҳ ва Лукашенконинг узри ҳақида гапирди
Украина президенти Володимир Зеленский америкалик блогер ва подкастер Лекс Фридманга катта интервю бериб, унда кенг кўламли босқиннинг илк кунларини ёдга олган ва тинчликка эришиш йўллари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашган. «Путиннинг хаёлида — мени Трамп билан уруштириб қўйиш ва ҳудудларимизни узил-кесил босиб олиш», – деган у.
АҚШ ва ғарбнинг босқин арафасидаги ваъдалари ҳақида гапираркан, у сўкиниб юборган, шунингдек, урушнинг илк кунларида Александр Лукашенко билан гаплашганини биринчи марта тан олиб, у Украина бўйлаб йўлланган зарбалар учун узр сўраганини айтган.
Интервю қарийб уч соат давом этган. Фридман мулоқот рус тилида кечишини истаган бўлса-да, Зеленский асосан украин тилида сўзлаган.
Мулоқот бошида Лекс Фридман Москвага бориш ва Владимир Путин билан ҳам интервю ёзишни режалаштиргани ҳақида гапирган. Шунингдек, подкастер Путин, Зеленский ва Доналд Трамп 25 январ куни — АҚШ президенти инаугурациясидан кейин учрашиши ва тинчлик бўйича келишиб олиши зарур деб ҳисоблашини билдирган.
Зеленский АҚШнинг сайланган президенти Украинага самолётда учган биринчи жаҳон етакчиси бўлиши мумкин бўлгани, аммо бу фақат уруш якунлансагина рўй бериши мумкинлигини қайд этган (Россия босқини бошланганидан кейин Украина бўйлаб барча аэропортлар ёпилган, хорижлик сиёсатчилар аввалига қўшни давлатларга учиб, у ердан поездда Киевга йўл олишади).
Санкциялар тўғрисида
Россиянинг кенг кўламли босқини бошланиши ҳақида гап бошланганида Зеленский ғарблик ҳамкорлар билан мулоқотларини эслаган.
«Мен фақат битта нарсани сўрадим, биринчи навбатда АҚШдан — агар ишончингиз комил бўлса, далилларингиз бўлса, агар сиз у билан [Путин] гаплашган ва у сизга босқин бўлишини айтган бўлса, агар буларнинг барчаси сизни қўрқитса, мен бунга далил сўрамайман, шунчаки икки нарса беришингизни сўрайман — бизни қуроллар билан кучайтиринг, аммо ундан яхшироғи — бизни ҳеч қандай уруш бўлмаслиги учун зарур шароитлар билан кучайтиринг. Бу қурол эмасди, мен улардан биринчи навбатда санкцияларни сўрагандим. Яъни уни қўрқитиб қўйишни», — деган украинлар президенти.
«Илтимос, „агар у келса, агар у чегарадан ўтса, агар у ўлдирадиган бўлса, санкциялар киритамиз деманг“ дедим. Лекин бу х**ня, кечирасиз», — дея қўшимча қилган Зеленский.
Фридман Зеленскийдан Украинага ўшанда ёрдам кўрсатилмаганини айтмоқчимисиз, деб аниқлик киритишни сўраган.
«Мен йўқ деб ҳисоблайман. Биз ёрдам олмадик. Агар қуруқ сўзларни ёрдам деб ҳисобласак, унда биз жуда кўп ёрдам олган бўламиз».
Босқин бошланганидан кейингина ғарб мамлакатлари Россияга қарши санкциялар киритган ва Киевга қурол етказиб бера бошлаганди.
Лукашенконинг узри ҳақида
Зеленский урушнинг илк кунларида беларуслик Александр Лукашенко билан суҳбатлашганини ҳам эслаган. Ўша кунларда Россия қўшини Беларус ҳудуди орқали чегарани кесиб ўтиб, Киевни эгаллашга уринган, аммо якунда муваффақиятсизликка учраганди.
«Уруш бошланганидан бир неча кун ўтиб мен Лукашенко билан телефон орқали гаплашдим ва у узр сўради, у „бу мен эмасман, менинг ҳудудимдан ракеталар учирилди ва уларни Путин учирди“ деди. Бу унинг сўзлари, гувоҳларим бор. У менга яна шундай деди: „Сен ишон, Володя, бу мен эмасман, мен назорат қилмаяпман, бу ракеталар Путинники…“.
Мен унга у ҳам худди шундай қотил эканини айтдим, у эса менга деди: „Тушун, руслар билан урушиб бўлмайди“. Мен унга дедим: „Биз ҳеч қачон уруш қилмаганмиз. Ракеталар сенинг ерингдан келди, Беларусдан, бунга қандай йўл қўйдинг?“» — дея хотирлайди Зеленский.
Унинг айтишича, Лукашенко унга Беларус ҳудуди бўйлаб зарба беришни таклиф қилган.
«У деди: „Яхши, нефтни қайта ишлаш заводи бўйлаб зарба йўлла, у мен учун қандай аҳамиятга эгалигини биласан-ку“... Бу Мозирский заводи эди. Мен унга айтаман: сен нима деяпсан, қанақа жавоб? Бу урушнинг иккинчи ёки учинчи кунида бўлганди», — дейди Зеленский.
Украинлар президенти бунгача бундай мулоқот ва Лукашенконинг узри ҳақида тилга олмаганди.
Мозирский нефтни қайта ишлаш заводи — Россия армияси учун асосий ёнилғи ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи — ўтган йилнинг 15 июлида ўз фаолиятини тўхтатганди, расмий сабаби — бўрон туфайли.
Аммо украин нашрлари унинг фаолияти тўхташига украин дронлари ҳужумлари сабаб бўлгани ҳақида ёзган.
Сулҳга эришиш имкониятлари ҳақида
Сулҳ истиқболлари ҳақида сўралганида, Зеленский аввалига 2019 йилда Путин билан Донбассдаги навбатдаги сулҳ бўйича келишиб олгани, аммо Россия бир ой ўтиб уни бузганини эслаган.
«Мен унга руслар гўшакни умуман кўтармай қўйгунича қўнғироқ қилдим. Мен кейинги учрашув ўтказилишини хоҳладим, россияликлар рад этишди, биз турли мамлакатлар орқали бунга уриниб кўрдик, аммо россияликлар қандайдир аҳмоқона гапларни айтиб, буни хоҳлашмади», — дея хотирлайди Зеленский.
Фридманнинг Зеленский январда Трамп ва Путин билан бир вақтда учрашиб, хавфсизлик кафолатлари кўзда тутилган тинчлик шартномаси имзолаши эҳтимоли ҳақидаги саволига жавобан у аввалига фақат Трампнинг ўзи билан учрашув ўтказишни ва музокараларга европаликларни жалб қилиш ниятида эканини айтган.
«Ўйлайманки, 25 январда ёки бошқа кунда биз биринчи навбатда Трамп билан ўтирамиз. Биз урушни ва Путинни қандай тўхтатишимиз мумкинлигини келишиб оламиз. Ва агар у кучли хавфсизлик кафолатлари таклиф қилса, унда россияликлар билан ҳам мулоқот бўлиши мумкин. Ва фақат шундан кейин. Шунчаки бирданига учовимиз учрашиб бошламаймиз», — деган Украина президенти.
«Европа ҳам овозга эга бўлиши биз учун муҳим, — дея қўшимча қилган Зеленский. — Ишончим комилки, у [Трамп] Европа билан биргаликда Украинага кучли хавфсизлик кафолатларини таклиф қила олади».
«Агар у ўт очишни тўхтатса ва уч ой ўтиб Путин янги ҳужум бошласа, Трамп ким деган одам бўлади? Трамп ва Украина қандай аҳволда кўринади? Путин нима учун бошлайди? Чунки у бугун Трампдан қўрқмоқда. Ва Трамп жиддий хавфсизлик кафолатларисиз ўт очишни тўхтатишга рози бўлиши биланоқ у Путинга паст кетган бўлади. У ўзи буни истамайди, аммо у Путинга имконият беради, чунки Путиннинг хаёлида — мени Трамп билан уруштириб қўйиш ва бизнинг ҳудудларимизни узил-кесил оккупация қилиш», — деган украинлар президенти.
Зеленский Путиннинг истакларини кутмасдан, уни урушни тўхтатишга мажбур қилишга чақирган. У Россия президенти уруш якунланишини истамаслиги ва шу туфайли у билан фақат куч позициясида гаплашиш кераклигини таъкидлаган.
«Трамп тўрт йилга келади, бешинчи йилда Путин янги уруш билан келади. Трампга унинг даврида уруш бўлмаслиги осонроқ, ундан кейин Украинани яксон этишадими? Нима учун яксон этишади? Чунки Путин ким бўлса ҳам аҳмоқ эмас. У тайёрланади, хатоларини кўриб чиқади, барчани қурол ишлаб чиқаришга сафарбар қилади, унда жуда катта армия бўлади. Ва шундай камситилишдан кейин у қайтади ва фақат Украина билан курашади деб ўйлайсизми? У атрофдаги барчани яксон этади. Агар Трамп НАТОдан чиқса, Путин Европани яксон этади», — деган у.
Будапешт меморандуми ҳақида
Хавфсизлик кафолатлари ҳақида гапираркан, Зеленский ядровий қуролдан воз кечиш эвазига мамлакатни ҳимоя қилишга қаратилган Будапешт меморандумини эслаган.
У Украинага урушни тўхтатиш учун фақат қоғозда қолиб кетмайдиган хавфсизлик кафолатлари даркорлигини қайд этган.
«Будапешт меморандумида Украина учун хавфсизлик кафолатлари бор эди. Аввалига Украина хавфсизлиги учун асосий уч кафил давлат ва Украина ҳамкорлари — АҚШ, Россия, Буюк Британия эди. Франция ва Хитой ҳам қўшилган. Беш давлат бўлган. Ҳозир эса биз бу ҳеч қандай хавфсизлик кафолати бўлмаганини биламиз», — дейди Зеленский.
Унинг сўзларига кўра, Донбасснинг бир қисми ва Қрим оккупация қилингач, Украина бир неча йил мобайнида Будапешт меморандуми аъзоларига мактублар ёзган.
«Меморандумда нима ёзилганди? Маслаҳатлашувлар, Украина агар ҳудудий яхлитлиги бузиладиган бўлса, маслаҳатлашувлар ўтказиши. Ва барча маслаҳатлашувларда қатнашиши, келиши, зудлик билан учрашиши кўрсатилганди — Америка, Британия, Россия, Франция, Хитой. Кимдир келдими? Йўқ. Кимдир бу хатларга расмий жавоб қайтардими? Кимдир маслаҳатлашув ўтказдими. Йўқ. Нима учун? Ҳа по**ру (сўкинади). Бу русчасига тушунарлими? Русларга по**р бўлганидек, бу мамлакатларга, бу одамларга, бу хавфсизлик кафолатларига ҳам по**р бўлган», — дея қўшимча қилади Зеленский.
Мавзуга оид
20:32
Беларус бардош берилмайдиган урушга тортилмоқда — Лукашенко
10:47
Зеленский Лукашенко урушнинг илк кунларида узр сўрагани ҳақида эслади. Беларус томони рад этди
13:36 / 06.01.2025
Зеленский: Путин билан фақат куч позициясида гаплашиш керак
19:37 / 03.01.2025