Жаҳон | 18:41 / 07.01.2025
1642
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш ордери муддати узайтирилди

Лавозимидан вақтинчалик четлатилган президентни ҳибсга олиш бўйича 3 январ кунги биринчи уриниш самарасиз бўлган эди.

Фото: Getty Images

Жанубий Корея суди мамлакат президенти Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш ордери муддатини узайтириш ҳақида қарор чиқарди, деб хабар берди Yonhap.

6 январ куни Юқори лавозимли амалдорларга қарши антикоррупция текшируви бошқармаси (CIO) расмийлари Сеул Ғарбий округ судига ҳибсга олиш тўғрисидаги ордерни узайтириш бўйича даъво аризаси киритган эди. Аввалги ордернинг муҳлати 6 январ куни тугади.

Терговчилар янги ордер муддати ҳақида маълумот бермади. Одатда у 7 кунга тенг, бироқ, Юнни қўлга олиш билан боғлиқ қийинчиликлар туфайли бундан ҳам узоқ муддатга узайтирилган бўлиши мумкин.

Лавозимидан вақтинчалик четлатилган президент Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш бўйича 3 январ кунги биринчи уриниш самарасиз бўлди. Уни ушлаш учун борган полиция вакиллари Юн тарафдорлари ва қўриқчилари қаршилигига дуч келди ва ортга қайтишга мажбур бўлди.

3 декабр куни Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилганини маълум қилди. Кейинчалик у парламент депутатлари қаршилиги туфайли, ҳарбий ҳолатни бекор қилишга рози бўлди. Мамлакатда ҳарбий ҳолат тахминан беш соат давом этди.

Шундан сўнг, парламент президентга импичмент эълон қилиб, лавозимидан вақтинча четлатди. Ҳарбий ҳолат эълон қилиниши бўйича жиноят иши очилди.

Кейинроқ, Юн Сок Ёл президент қароргоҳи ёнида тўпланган ўз тарафдорларига ёзма мурожаат йўллаб, унда «Жанубий Кореяга таҳдид солаётган давлатга қарши кучларга» қарши курашни давом эттиришга ваъда берди.

Мавзуга оид