Жаҳон | 14:36 / 07.01.2025
1117
3 дақиқада ўқилади

Лондон Россиянинг музлатилган активларини Киевга топширишга чақирди

Британия парламенти аъзоларининг айтишича, Буюк Британия ҳисобларида сақланадиган камида 25,5 миллиард фунт стерлинг ўтказилиши стратегик қарорнинг «аниқ сигнали» бўлади ва келажакдаги можароларни жиловлашга ёрдам беради.

Фото: EPA/ТАСС

Буюк Британия парламенти аъзолари мамлакат Россиянинг музлатилган активларини Украинага ўтказиши керак, деб ҳисоблайди. Британиянинг The Times газетасида 6 январ, душанба куни чоп этилган очиқ хатида сиёсатчилар ҳукумат Россия Марказий банкининг турли мамлакатларда музлатилган захираларидан 300 миллиард долларни Украинага қонуний йўл билан ўтказишни аниқлаши кераклигини таъкидламоқда. Уларнинг қўшимча қилишича, Буюк Британия ҳисобларида сақланадиган камида 25,5 миллиард фунт стерлингни ўтказиш стратегик қарорнинг «аниқ сигнали» бўлиб, келажакдаги можароларнинг олдини олишга ёрдам беради.

«Аввалги кредитлар ва фавқулодда молиялаштириш етарли эмас, - деб ёзади депутатлар. - Фақат активлардан фойдаланиш Россия ўз жиноятлари учун тўлашини кафолатлайди».

Хат Россиянинг музлатилган активларидан Украинани уруш пайтида молиялаштириш учун фойдаланиш бўйича парламент муҳокамаси олдидан ёзилган. Музлатилган маблағлар компания акциялари ва банк ҳисобварақларидаги нақд пулларнинг бирикмасидир. Катта еттилик давлатлари аллақачон Украинага 50 миллиард доллар миқдорида кредит ажратиш мажбуриятини олган, у музлатилган активлардан олинган фоизлар ҳисобига қайтарилади. Шу билан бирга, Ғарб сиёсатчиларининг фикрича, активларни Киевга топширишнинг ўзи ҳуқуқий муаммолар билан тўла бўлади.

Япония РФ активлари ҳисобидан Украинага 3 млрд доллар беради

Япония ҳукумати Россиянинг музлатилган активларидан тушган даромад ҳисобидан Киевга яна 3 миллиард доллар ўтказади. Бу ҳақда 25 декабр куни Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Япония бош вазири Шигеру Ишиба билан телефон суҳбатидан сўнг маълум қилди. Бир ой олдин Токио G7 мамлакатлари ташаббуси доирасида Украинага худди шундай миқдорни ажратган эди: у Киевга Россия активлари гарови билан умумий қиймати 50 миллиард доллар миқдорида кредит беришни назарда тутади.

Зеленский Шигеру билан суҳбатда Япония ҳукумати ва халқига «минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имконини берувчи умумий қиймати 12 миллиард долларлик йирик гуманитар ва молиявий ёрдам учун» миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, у Япония бош вазирига 25 декабрга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украина энергетика инфратузилмасини оммавий равишда ўққа тутгани ҳақида гапирди.

Япония Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошидан бери Киевга молиявий, гуманитар ва ноҳарбий ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Мавзуга оид