Жаҳон | 09:25 / 07.01.2025
4169
3 дақиқада ўқилади

Россия ҳарбийлари яна беш асирни ўлдиришда айбланди

Deep State лойиҳаси ва Донецк области прокуратураси маълумотларига кўра, россиялик ҳарбийлар таслим бўлган Украина армиясининг беш нафар аскарини – Донецк области Волноваха районидаги Нескучное ва Времевка қишлоқларида ўлдирган.

Фото: Telegram / Donetsk_obl_prokuratura

Украинада россиялик ҳарбийлар томонидан асирларнинг навбатдаги қатл этилиши текширилмоқда. Бу сафар гап жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган икки хил жойда: Нескучное қишлоғида ва Донецк области Волноваха райони Времевка қишлоғида содир бўлган иккита ҳолат ҳақида кетяпти. Бу ҳақда 6 январ, душанба куни Донецк области прокуратураси Telegramʼда уч кун аввал рус қўшинлари томонидан Времевка ҳудудидаги Украина истеҳкомлари эгаллаб олингани ва ундан кейинги воқеалар ҳақида маълум қилди.

«Шундан сўнг, душман бўлинмаси халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларини атайлаб бузган ҳолда, икки ҳимоячининг бошига ўқ узди. Оккупантлар аскарларнинг ўлганига ишонч ҳосил қилишга қарор қилишди ва уларга яна бир неча марта ўқ уздилар», дейилади ҳисоботда. Ҳозирда терговчилар жиноят ҳолатларини ўрганмоқда ва иштирокчиларни аниқлаш билан банд.

Ўз навбатида, Украинанинг Deep State Telegram-каналига кўра, бу худди шу куни, 3 январда Нескучное қишлоғи яқинида суратга олинган дрон тасвирлари билан тасдиқланган. «Жангчилар таслим бўлишди, уларнинг қўлларини боғлашди, позиция олдига олиб чиқишди ва бошига ўқ узишди», дейилади хабарда.

Украина омбудсмани: РФ аскарлари ҳарбий асирларни отиб ташлади

Россия аскарлари беш украиналик ҳарбий асирни отиб ташлади, деди 22 декабр куни Украина Олий радасининг инсон ҳуқуқлари бўйича ваколатли вакили Дмитрий Лубинец.

Унинг сўзларига кўра, қатл видеоси генерал-корнер Марк Безручко номидаги Украина қуруқликдаги қўшинларининг 110-алоҳида механизациялашган бригадаси тактик бўлинмаси томонидан тарқатилган.

Украина омбудсманининг сўзларига кўра, гап «таслим бўлган аскарларнинг эҳтимолий қатл этилиши» ҳақида кетмоқда. «Украиналик ҳарбий асирларни отиб ташлаган россиялик ҳарбий жиноятчилар халқаро трибунал олдига чиқиб, қонунда назарда тутилган энг оғир жазога тортилиши керак», — деди Олий рада вакили.

Лубинец воқеа ҳақида БМТ ва Халқаро Қизил Хоч қўмитасига хабар қилишга ваъда берди.

Мавзуга оид