Жаҳон | 14:00 / 07.01.2025
2564
2 дақиқада ўқилади

WP: Трампнинг тариф режалари ўзгариши мумкин

АҚШ сайланган президентининг ёрдамчилари Трампнинг сайловолди тариф режаларига тузатиш киритишни муҳокама қилмоқда, деб ёзади WP. Республикачининг ўзи бу маълумотни «фейк» деб атади.

Фото: Andrew Harnik/Getty Images

АҚШ сайланган президенти Доналд Трампнинг ёрдамчилари барча мамлакатларга тааллуқли, фақат муҳим импортни қамраб оладиган тариф режаларини ўрганмоқда. Бу ҳақда 6 январ, душанба куни The Washington Post (WP) хабар берди.

Унинг маълумотларига кўра, агар амалга оширилса, бу республикачи илгари айтган сайловолди ваъдаларидан четга чиқиш бўлади — сайловолди ташвиқоти чоғида у Қўшма Штатларга импорт қилинадиган барча маҳсулотлар учун 10-20 фоизлик «универсал» божлар ҳақида гапирганди.

Бироқ, бу шаклда ҳам чора-тадбирлар том маънода «жаҳон савдосига жиддий таъсир кўрсатади ва АҚШ иқтисодиёти ва истеъмолчилари учун жиддий оқибатларга олиб келади», деб таъкидлади нашр.

Трампнинг партиядошлари Гренландия бўйича ғояга шубҳа билан қараяпти

Республикачилар партиясидан сенаторлар ва Вакиллар палатаси аъзолари АҚШ сайланган президенти Доналд Трампнинг Данияга тегишли Гренландия ва Панама Республикаси юрисдикцияси остидаги Панама каналини ўз назоратига олиш истаги ҳақидаги баёнотларига шубҳа билан муносабатда бўлишди. Бу ҳақда 5 январ куни Американинг The Hill нашри хабар берди.

Нашр манбаларига кўра, Трамп 2021 йилда Оқ уйни тарк этганидан бери бу ғоялар Вашингтонда жиддий муҳокама қилинмаган.

Вакиллар палатаси ташқи ишлар қўмитасининг собиқ раиси Майкл Маккол (Техас штатидан республикачи) қонун чиқарувчилар Трамп ўз президентлигининг бошидаёқ Капитолий тепалигида хавотир уйғотаётган йирик ташқи сиёсий ташаббусларни эълон қилишига тайёр бўлишлари кераклигини айтди.

Бир қатор республикачи қонун чиқарувчилар Трампнинг сўзларини келажакда дипломатияни мустаҳкамлаши мумкин бўлган «музокара» позицияси сифатида кўришларини айтишди.

Мавзуга оид