8 январ янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Давлат сирлари тўғрисидаги янги қонун, автобуслардаги жарима фақат чиптасизларга, электрон нусхаси тан олинадиган ҳужжатлар ва стюардессага шилқимлик қилган йўловчи — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Давлат сирлари тўғрисидаги янги қонун
Президент Шавкат Мирзиёев «Давлат сирлари тўғрисида»ги қонунни имзолади. Қонун 2025 йил 29 мартдан кучга киради. Ҳужжатга кўра, давлат аҳамиятига эга сирлар ҳарбий, иқтисодий, сиёсий ва илмий соҳалардаги маълумотларни ўз ичига олади.
Қонун давлат сирларини уч даражага ажратади: «Алоҳида аҳамиятли», «мутлақо махфий» ва «махфий». Ҳар бир даража учун маълумотларни махфийлаштириш муддатлари белгиланган: 30 йилгача ёки 10 йилдан ошмаслиги шарт. Давлат хавфсизлик хизмати давлат сирлари соҳасида ваколатли орган этиб белгиланди.
Қонунга мувофиқ, инсон ҳуқуқлари бузилиши, экологик ёки ижтимоий ҳолатга доир маълумотлар махфийлаштирилмайди. Давлат сирлари билан ишловчи шахсларнинг ҳуқуқлари вақтинча чекланиши мумкин, масалан, Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига чиқиш ҳуқуқи.
Давлат сирларини ошкор қилган шахсларга 8 йилгача, давлатга хоинлик ёки жосуслик учун 20 йилгача қамоқ жазоси берилади.
Ҳужжатларнинг электрон нусхаси тан олинади
Ўзбекистонда 2025 йил 1 июлдан шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг электрон нусхалари давлат органлари ва ташкилотлар томонидан мажбурий равишда қабул қилинади. Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, «Рақамли ҳукумат» доирасида ягона интерактив давлат хизматлари портали ва «Ижтимоий карта» мобил иловасида унификацияланган рақамли сервислар жорий этилади.
Электрон ҳужжатлар қуйидагиларни ўз ичига олади: биометрик паспорт, ID карта, ҳайдовчилик ва никоҳ гувоҳномалари, ишончнома, транспорт воситасининг техник паспорти, нафақа ва талабалик гувоҳномалари, шунингдек, турар жой ва кадастр ҳужжатлари. Фақат шу рақамли ҳужжатлар банклар, нотариуслар, аэропортлар ва бошқа ташкилотларда қоғоз шаклида талаб қилинмайди.
Янги тартиб my.gov.uz портали орқали фойдаланиш имкониятини ҳам тақдим этади. Ҳужжатларнинг электрон нусхаларини қабул қилиш давлат хизматларини осонлаштириш ва қоғозбозликни камайтиришга қаратилган.
Уч давлат бош вазирлари учрашуви
8 январ куни Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон бош вазирлари Абдулла Арипов, Одилбек Қосималиев ва Қоҳир Расулзода уч томонлама учрашув ўтказишди. Тадбир уч давлат чегаралари туташган ҳудудда ўтказилди ва минтақавий ҳамкорликка доир муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Учрашувда давлат чегаралари бўйича аввал эришилган келишувлар муҳокама қилиниб, савдо, логистика, сув-энергетика ҳамда маданий-гуманитар алоқаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари кўтарилди. Бош вазирлар трансчегаравий ҳамкорлик мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим қисми эканини таъкидлашди. Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат чегарасини делимитация қилиш ҳамда шартномаларни ратификация қилиш жараёни якунлангани маълум қилинди.
Стюардессага шилқимлик қилган эркак
2024 йил 31 декабр куни Сочи – Тошкент йўналишидаги самолёт бортида маст ҳолда стюардессага шилқимлик қилган эркак маъмурий жазога тортилди. Жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди қарорига кўра, 1985 йилда туғилган Ж.Э. 5 суткага қамалди.
Суд материалларига кўра, Ж.Э. бир неча бор стюардессанинг танасига тегиб, шаҳвоний шилқимлик қилган. Танбеҳларга қарамай, ўз ҳаракатларини тўхтатмаган ва йўловчиларга хизмат кўрсатишга тўсқинлик қилган. Ж.Э. судда айбини рад этиб, тегиш тасодифий содир бўлганини айтган, аммо стюардессанинг кўрсатмалари ва гувоҳликлар унинг айбини исботлади.
Суд Ж.Э.нинг ҳаракатларини ҳуқуқбузарлик деб топди ва унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Автобусларда жарима фақат чиптасизларга
Транспорт вазирлиги Тошкент автобусларида йўл ҳақини нақд пулда тўлаган йўловчилар жаримага тортилиши ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда вазирлик расмий муносабат билдириб, асоссиз маълумот тарқатмасликни сўради. Жарима фақат чиптасиз юрадиган йўловчиларга қўлланади.
Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик кодексига кўра, чиптасиз ҳаракатланиш учун жарима миқдори БҲМнинг ўндан бир қисмини, яъни 37,5 минг сўмни ташкил этади. Янги электрон тўлов тизими жорий этилгани сабабли аввал ўрганиш ва огоҳлантириш жараёнлари амалга оширилади.
2025 йил 1 январдан бошлаб Тошкент автобусларида нақд пулда тўлов қилиш тўлиқ бекор қилинган. Бир марталик чипталар 3000 сўм эвазига инфокиосклар орқали харид қилиниши мумкин. Электрон тўловлар эса арзонроқ – 1700 сўм.
Солиқ тушумлари 200 трлн сўмга яқинлашди
2024 йилда Ўзбекистонда давлат бюджетига 199,6 трлн сўм солиқ тушумлари келиб тушгани қайд этилди. Бу ўтган йилга нисбатан 20,3 фоизга ошган. Умумий тушумлардан 52,7 трлн сўм ёки тўртдан бир қисми фойда солиғи ҳиссасига тўғри келди.
Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳрида солиқ тушумлари 27 фоизга, Сирдарё вилоятида 25 фоизга, Тошкент вилоятида эса 23 фоизга ошган.
Ўзбекистонда кичик бизнес қўллаб-қувватланади
Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонда кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш учун 40 млн доллар ажратади. Ҳукуматнинг тегишли қарорига кўра, маблағлар асосан муробаҳа тамойилига мувофиқ кичик бизнесни молиялаштиришга йўналтирилади.
Пулнинг катта қисми — 30 млн доллари «Бизнесни ривожлантириш банки» орқали тадбиркорларга тақдим этилади. Лойиҳа 2025-2027 йилларда амалга оширилади.
Мавзуга оид
21:40 / 07.01.2025
7 январ янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:19 / 06.01.2025
6 январ янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:05 / 27.12.2024
27 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:02 / 26.12.2024