Ўзбекистон | 21:05 / 27.12.2024
2971
6 дақиқада ўқилади

27 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Ўзбекистонга келтирилган ғазоликлар, аҳолининг ягона электрон реестри, нодавлат олийгоҳларга солинаётган «ўлпон»га эътирозлар, Тошкент — Самарқанд йўналишидаги янги темирйўл лойиҳаси старт олди — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Нодавлат ОТМлардан 4 фоиз пул ўтказиш талабига эътирозлар

Олий таълим кенгаши нодавлат олий таълим муассасаларидан тўлов-контракт маблағининг 4 фоизини Республика олий таълим кенгашига ўтказишни таклиф қилди. Ҳуқуқшунослар ва иқтисодчилар бу таклиф қонунчиликка зид эканини таъкидламоқда.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевга кўра, Республика Олий таълим кенгаши солиқ ёки мажбурий тўлов жорий қилиш ваколатига эга эмас. Нодавлат ОТМлар бу тўловни амалга оширишга мажбур эмас ва ушбу баённома ҳеч қандай юридик кучга эга эмас.

Иқтисодчи Юлий Юсупов буни «ноқонуний солиқ» деб атади ва бу вазият бизнес оламига хавотирли сигнал бераётганини таъкидлади. Унинг фикрича, бу инвестиция муҳитига салбий таъсир кўрсатади.

Таълим бўйича эксперт Комил Жалилов эса нодавлат ОТМлар лицензияни бекор қилиш таҳдиди сабаб шикоят қилмаслигидан хавотир билдирди.

Норозиликлар ортидан ЎзЛиДеП депутати Дилмурод Ортиқов вазирлик ва Бош прокурорга депутатлик сўрови юбориб, ушбу баённоманинг қонунийлигини қайта кўриб чиқишни талаб қилди.

Аҳолининг ягона электрон реестри

2025 йил 1 январдан Ўзбекистонда аҳолининг ягона электрон реестри ишга туширилади. Ушбу реестр жисмоний шахсларнинг шахсий маълумотлари ва фуқаролик ҳолатига оид маълумотларни ўз ичига олади.

Реестр Ўзбекистон фуқаролари, мамлакатда доимий яшовчи чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсий маълумотлари учун ягона база вазифасини бажаради.

У давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилинади. Бу фуқароларга давлат хизматлари, нотариал ҳаракатлар, банк, коммунал ва суғурта хизматларидан тез ва осон фойдаланиш имконини беради.

Реестр Адлия вазирлиги ҳузуридаги Персоналлаштириш агентлиги томонидан юритилади.

Тошкент — Самарқанд йўналишидаги янги темирйўл

Тошкент — Самарқанд йўналишида юқори тезликдаги янги темирйўл магистрали қурилиши учун техник-иқтисодий асослар тайёрлашга старт берилди.

2024 йил 24 декабр куни «Ўзбекистон темирйўллари» раҳбарияти Жанубий Кореянинг Saman Corporation лойиҳа менежери Жин Канг-А билан музокаралар ўтказди. Учрашувда янги магистрал лойиҳасининг дастлабки техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш муҳокама қилинди.

Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа Ўзбекистон транспорт тизимини модернизация қилишга қаратилган. Лойиҳа натижасида икки йирик шаҳар ўртасидаги қатнов вақтини қисқартириш, йўловчига қулайлик даражасини ошириш ва транспорт хизматлари сифатини яхшилаш режалаштирилган.

Музокаралар давомида лойиҳани амалга ошириш учун ишчи гуруҳ тузишга қарор қилинди. Лойиҳа минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон 100 нафар фаластинликни эвакуация қилди

Ўзбекистон яраланган фаластинлик болалар ва аёллар, шунингдек, уларнинг ҳамроҳларини Рафаҳдан эвакуация қилиб, ўз ҳудудига жойлаштирди. Беморлар соғликни сақлаш марказлари ва шифохоналарда реабилитациядан ўтади.

26 декабр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида Қоҳирадаги элчи Мансурбек Қиличев ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда эвакуация ишлари амалга оширилди.

Эвакуация қилинган фаластинликлар Ўзбекистонда ўз юртларига қайтишгача меҳмон бўлади. Ҳукумат уларнинг барча эҳтиёжларини, жумладан, озиқ-овқат, турар жой ва таълим билан таъминлашни ташкил қилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Фаластиндаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва ҳуманитар ёрдам учун хавфсиз йўлаклар яратишни яна бир бор муҳим деб таъкидлади.

Ўзбекистон ташқи қарзи 60 млрд доллардан ошди

2024 йил 1 октябр ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 60,2 млрд долларни ташкил қилди. Бунинг 32,5 млрд доллари давлат қарзига, 27,7 млрд доллари эса корпоратив ташқи қарзга тўғри келади.

Марказий банкнинг тўлов баланси ва ташқи қарз бўйича ҳисоботида қайд этилишича, жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17 фоизга қисқариб, 3,4 млрд долларни ташкил қилган. Бу савдо баланси манфий салдоси ўсиш суръатининг секинлашгани ва халқаро пул ўтказмалари кўпайиши ҳисобига амалга ошган.

Экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоизга ўсиб, 19,1 млрд долларга етган. Импорт ҳажми эса 31,4 млрд долларга кўпайган. Савдо баланси манфий салдоси 12,4 млрд долларни ташкил қилган.

Халқаро захиралар 41,1 млрд долларга етган бўлиб, олтин нархининг ўсиши захиралар қийматини кўтарган.

9 ёшли қизни босиб кетган ҳайдовчиларга ҳукм ўқилди

Навоий вилояти Хатирчи туманида 9 ёшли қизни пиёдалар йўлагида босиб кетган икки ҳайдовчига суд ҳукми ўқилди. Улар ҳар бирига 2 йил озодликдан маҳрум қилиш ва шу муддатга транспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Суд ҳужжатига кўра, Насимжон Амиров ва Фахриддин Аманбаев шу йилнинг 1 июл куни BYD русумли машиналарда катта тезликда бир-бирини қувиб ўтишга ҳаракат қилган. Оқибатда Насимжон Амиров пиёдалар йўлагидан ўтаётган 9 ёшли Ш.Ш.ни машинаси билан уриб юборган. Кейин эса Фахриддин Аманбаев йиқилган қизалоқни босиб ўтиб, унинг ўлимига сабабчи бўлган.

Ҳайдовчилар судда ўз айбларини тан олишди ва ҳаракат қоидаларини бузганларига иқрор бўлишган.

Мавзуга оид