Жаҳон | 21:40 / 08.01.2025
3405
2 дақиқада ўқилади

Миср Сувайш каналининг янги тармоғини синовдан муваффақиятли ўтказди

Каналнинг ўтказиш хусусияти кунига қўшимча 6 дан 8 тагача кемага ошиши ва юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларга дош бериш қобилияти яхшиланиши кутилмоқда.

Фото: Reuters

Миср Сувайш каналининг жанубидаги 10 километрлик янги ўзанни муваффақиятли синовдан ўтказганини эълон қилди. Бу ҳақда Al-Arabiya хабар берди.

Сувайш канали маъмуриятининг баёнотига кўра, синов пайтида иккита кема каналнинг янги қисмидан қийинчиликсиз ўтган.

2021 йилда Ever Given контейнер кемаси каналда саёзликка ботиб, ҳаётий муҳим сув йўлини олти кунга тўсиб қўйганидан сўнг, Миср каналнинг жанубий қисмида кенгайтириш ишларини тезлаштирган эди.

Бироқ, Яманнинг ҳусий жангарилари 2023 йил ноябр ойида Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қила бошлаганидан сўнг, Мисрнинг Европа ва Осиё ўртасидаги энг қисқа йўлга кириш эшиги бўлган каналдан кўрадиган даромади пасайиб кетди.

Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий мамлакат «минтақавий муаммолар» туфайли 2024 йилда Сувайш каналидан 7 миллиард долларга яқин даромад йўқотганини айтди.

Сувайш канали маъмурияти маълумотларига кўра, охирги кенгайтма каналнинг икки томонлама қисмининг умумий узунлигини аввалги 72 км дан 82 км гача оширади. Каналнинг умумий узунлиги 193 км.

«Ушбу кенгайиш каналнинг ўтказиш хусусиятини кунига қўшимча 6 дан 8 тагача кемага оширади ва унинг юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларга дош бериш қобилиятини яхшилайди», дейилади Сувайш канали маъмурияти баёнотида.

Мавзуга оид