Жаҳон | 08:25 / 08.01.2025
1186
3 дақиқада ўқилади

НАТО Болтиқбўйидаги муҳим сувости объектларини қўриқлайди

Шимолий Атлантика алянсининг ўнга яқин кемаси Болтиқ денгизидаги муҳим сувости иншоотларини қўриқлаш учун сафарбар қилинади, дея хабар берди Yle.

Фото: Adam Warzawa / EPA

НАТО кемалари Болтиқ денгизидаги муҳим сувости объектларини қўриқлайди. Бу ҳақда Финляндиянинг Yle телерадиокомпанияси 7 январ, сешанба куни маълум қилди.

Унинг маълумотларига кўра, операция ҳафта охирида бошланади ва апрелгача давом этади. Ҳаммаси бўлиб ўнга яқин кемалар иштирок этади.

Фин кўрфазида хавфсизлик биринчи навбатда Финландия ва Эстония кучлари томонидан амалга оширилади. Болтиқ денгизида бошқа давлатларнинг кемалари энергия ва IT кабеллари ёнида навбатчилик қилади.

2024 йил 30 декабрда Шимолий Атлантика алянси акваторияда мавжудлигини кучайтиришга қарор қилди.

НАТО расмийси: РФ гибрид ҳужумлари қурбонларга олиб келиши мумкин

Россия томонидан Европа давлатларига қарши гибрид ҳужумлар қурбонлар келтириши мумкин. Бу ҳақда 29 декабр куни Британиянинг Sky News телеканалига берган интервюсида НАТО бош котибининг инновациялар, гибрид ва киберҳужумлар бўйича ёрдамчиси ўринбосари Жеймс Аппатурай маълум қилди.

Журналист ундан Европа мамлакатларидаги қўпорувчилик ҳақида сўради, уларнинг ортида Россия турган бўлиши мумкин. «Биз ўнлаб шундай ҳолатларни аниқ санашимиз мумкин, аммо амалга ошмаган кўп режалар бор», деб жавоб берди Аппатурай.

Унинг сўзларига кўра, гибрид ҳужумлар сони ортиши Кремлнинг Ғарбнинг Украинани қўллаб-қувватлашига жавоби бўлди. Расмийнинг ишонтиришича, Ғарб Россияга қарши эмас, балки Москва қўшни давлатларга бостириб киришининг олдини олмоқчи. «Улар бизнинг қилаётган ишимизни ёқтирмайди ва улар бизни ҳам душман сифатида кўришади», деди Аппатурай.

Интервю берувчи Россиянинг гибрид ҳужумларидан бири НАТО ўзаро ёрдам шартномасининг бешинчи моддасини қўллашга мажбур қилиши мумкинми ёки йўқми, шуни аниқлаштирди. «Мени жуда хавотирга солаётган нарса шуки, бу ҳужумлардан бири, айтганимдек, катта миқёсга етиши мумкин», деб жавоб берди у.

«Ушбу ҳужумлардан бири кўп сонли қурбонларга олиб келиши ёки катта иқтисодий зарар келтириши эҳтимоли бор, - деб давом этди Аппатурай. - Кейин биз ўйлаб кўрмаган вазиятга тушиб қолишни хоҳламаймиз. Бу [таҳдидлар] бўйича машғулотларни ўтказишнинг сабабларидан бири. Бунга жавоб чоралари ҳам киради».

Мавзуга оид