«Телеграф»: Зеленский иккинчи муддатга номзодини қўйиш бўйича қарор қабул қилган
Украина президенти Володимир Зеленский иккинчи муддатга номзодини қўйиши мумкин. 2019 йилги сайловлар аввалида Зеленский фақат бир муддатга президентлик лавозимида қолишини айтганди.
Украина президенти Володимир Зеленский аллақачон иккинчи муддатга номзодини қўйишга қарор қилган. Бу ҳақда Украинанинг «Телеграф» нашри давлат раҳбарига яқин бўлган манбаларига таяниб хабар берди.
«52 фоизли ишонч даражаси билан унда президентлик сайловларида ғалаба қозониш имконияти мавжуд», — дейилади хабарда.
«Телеграф» Зеленскийнинг асосий рақиби сифатида Украина Қуролли кучларининг собиқ бош қўмондони, мамлакатнинг Буюк Британиядаги элчиси Валерий Залужнийни кўрсатган. Нашрнинг қайд этишича, «вақти-вақти билан уни украиналиклар орасида ишонч рейтинги етакчиси» деб аташади.
Маълумотларга кўра, Залужний ҳозирча «ўзининг сиёсий келажаги» тўғрисида якуний қарор қабул қилмаган. Нашрнинг таъкидлашича, Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ерман Залужний агар ўз номзодини илгари сурмай, сайловларда Зеленский томонида иштирок этса, собиқ бош қўмондон «Халқ хизматкори» партияси рўйхатида биринчи ўринни ва Олий Радада спикерлик лавозимини олиши мумкинлиги ҳақида хабардор қилган.
«Телеграф», шунингдек, Залужний президентликка номзодини қўйишга қарор қилса, жиноий жавобгарликка тортилиши билан таҳдид қилинаётгани ҳақида ҳам ёзган. У жалб этилиши мумкин бўлган терговлардан бири — бу «2022 йилда Херсонни ким топширгани» борасида.
Журналистларнинг сиёсий режалари ҳақидаги саволга Залужний қуйидагича жавоб қайтарган: «Аввал биз давлатчилигимизни сақлаб қоламиз. Шундан кейингина гаплашамиз».
Украинада президентлик сайловларини ўтказиш 2024 йил март ойига режалаштирилганди. Парламент сайловлари 2023 йил октябрда бўлиб ўтиши керак эди. Украинада ҳарбий ҳолат туфайли сайловлар ўтказилмаган.
2019 йилги сайловлар аввалида Зеленский фақат бир муддатга президентлик лавозимида қолишини ва иккинчи муддатга сайланиш ниятида эмаслигини маълум қилганди. 2023 йилда у келгуси йилда, уруш вақтида сайловлар ўтказиладиган бўлса, президентликка яна номзодини кўрсатиш режасини айтган.
Лекс Фридманга берган интервюси давомида Зеленский Украинада сайловлар ҳарбий ҳолат бекор қилиниши билан ўтказилишини маълум қилган. Шу билан бирга, у унда иштирок этиш ёки этмаслик бўйича якуний қарор қабул қилмаганини билдирган.
Мавзуга оид
19:23 / 08.01.2025
Курскка ҳужум кўлами қандай ва ундан мақсад нима?
16:59 / 08.01.2025
Трамп Россиянинг «Украина НАТОга қўшилиши» борасидаги туйғуларини тушунишини айтди
14:47 / 08.01.2025
АҚШ Рамштайнда Украинага янги ёрдам пакетини эълон қилади
08:32 / 08.01.2025