Жаҳон | 18:17 / 09.01.2025
1639
2 дақиқада ўқилади

Арманистон ҳукумати ЕИга қўшилишни бошлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади

Никол Пашинянга кўра, қонун лойиҳаси «Арманистоннинг тўғридан тўғри Евроиттифоққа аъзолигини билдирмайди» ва бу масала бўйича қарор «фақат референдум орқали қабул қилиниши мумкин». Ҳужжат парламентга юборилган.

Фото: Getty Images

Арманистон ҳукумати 9 январ куни ўтказилган йиғилишда мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнларини бошлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади, деб хабар беради Armenia News.

Қонун лойиҳасини тақдим этган мамлакат ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян у Миллий ассамблеяга (парламент) киритилишини маълум қилган ва бир қатор ҳолатларни санаб ўтган ҳолда ҳукуматга «ижобий позицияни билдиришни» таклиф қилган.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Арманистон ва ЕИ ўртасида «жуда жадал ва динамик» муносабатлар юзага келган. Мирзояннинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи республикани сиёсий қўллаб-қувватлашини ва Арманистоннинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш йўлида кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.

Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг қўшимча қилишича, қонун лойиҳаси «Арманистоннинг тўғридан тўғри Евроиттифоққа аъзолигини билдирмайди» ва бу масала бўйича қарор «фақат референдум орқали қабул қилиниши мумкин». «Қонун қабул қилинганидан кейин биз ЕИ билан улар ўзлари ва биз ўзимиз тасаввур қилган йўл харитасини муҳокама қилишимиз керак», — дейди Пашинян.

Сентябр ойида Арманистон ва Европа Иттифоқи визасиз режим бўйича музокараларни бошлаган эди. ЕИга қисқа муддатли сафарлар учун Арманистон фуқароларига визасиз режим жорий этилишини мамлакат ҳукумати «муҳим соҳалардаги сезиларли ислоҳот» деб атаган. Муҳим масалалар қаторида саёҳат ҳужжатлари хавфсизлиги, чегара назорати, миграция ва бошпана, коррупцияга қарши кураш ва ҳаракат эркинлиги билан боғлиқ асосий ҳуқуқларни ҳурмат қилиш ҳам келтирилган.

Октябр ойида Европарламентда чиқиш қилган Никол Пашинян Европа Иттифоқини «сўнгги йилларда Арманистон ҳукуматининг туб ислоҳотларини қўллаб-қувватлаётган асосий шерик» деб атаб, мамлакат «ЕИга яқинлашишга тайёрлигини» билдирган.

Мавзуга оид