Декабр охирида Германияга дронларнинг оммавий учиб кириши кузатилди
Bild нашрининг ёзишича, дронлар рождество олдидан Рамштайн авиабазаси жойлашган Рейнланд-Пфалц ҳудудида кузатилган. Ҳодиса ҳарбий объектларга таъсир қилган, деб ёзади газета. Бироқ, у гап қайси объектлар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади.
Bild газетасига кўра, декабр ойи охирида Германиянинг ғарбий қисмида дронларнинг оммавий учиб кириши қайд этилган. Ҳодиса Германияда 25—26 декабр кунлари нишонланадиган рождество олдидан Рейнланд-Пфац федерал ерида содир бўлган ва ҳарбий объектларга таъсир қилган, деб ёзади нашр 8 январ, чоршанба куни ҳудуд ички ишлар вазирлигига таяниб.
2024 йилда — фақат Рейнланд-Пфалцда 100 га яқин ҳолат
Дронларнинг ҳеч бири тутиб олинмаган. Материалда гап қайси ҳарбий объектлар ҳақида кетаётганига аниқлик киритилмаган. Ғарбий Германиядаги Рейнланд-Пфалцда, бошқа жойлардан ташқари, Американинг Рамштайн ҳарбий базаси жойлашган. Ҳудуд ички ишлар вазирлиги вакили ҳам биргина шу минтақада 2024 йилда 100 га яқин шунга ўхшаш ҳолат қайд этилганини маълум қилди. Улардан 30 таси «АҚШ объектлари» яқинида содир бўлган.
«Германияда хавфсизлик объектларини кузатиш учун катта дронлардан фойдаланиш ҳам сезиларли даражада ортиб бормоқда. Бу, эҳтимол, Россия гибрид урушининг бир қисмидир», деди ҳудуд ички ишлар вазирлиги вакили Bild нашрига ёзма жавобида. Нашр таъкидлаганидек, идора одатда давлат сири бўлгани учун ошкор этилмайдиган бундай маълумотни журналистларга биринчи марта маълум қилмоқда.
Газета, шунингдек, хабардор манбаларга таяниб, гап катта дронлар, жумладан, енгил автомобилга ўхшаш ўлчамдаги воситалар ҳақида кетаётганига ишора қилди. Булар оммавий сотиб олинмайдиган дронлар бўлиб, уларнинг парвоз радиуси 188 кмдан ошиши мумкин, деб хабар беради Bild. Шунинг учун Германияда разведка операциялари учун фойдаланиладиган бундай дронларнинг ишга туширилиши унинг чегараларидан ташқарида ҳам амалга оширилиши мумкин, дея қўшимча қилди у.
Германия узра дронлар
Номаълум дронлар Германия шимолида илк бор август ойида пайдо бўлган. Брунсбюттел ҳудудида улар ChemCoast Park саноат парки, ишламаётган атом электр станцияси, СТГ терминали, Кил канали ва унинг шлюзлари устидан учиб ўтган. NDR ва WDR маълумотларига кўра, булар тезлиги соатига 100 кмдан ошадиган жуда тез УУА бўлган. Хавфсизлик бўйича мутахассисларнинг фикрича, бундай йўл билан фақат ҳарбий учувчисиз учиш қурилмалари, қаноти ҳаракатсиз равишда учиб ўтиши мумкин.
Ноябр ойининг охиридан бошлаб, Людвигсхафен яқинидаги BASF концерни заводлари, шунингдек, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг Европадаги штаб-квартираси жойлашган Рамштайн авиабазаси узра учувчисиз учоқлар пайдо бўла бошлади. Der Spiegel нашрининг ёзишича, декабр ойи бошида Rheinmetall мудофаа концерни корхоналари устида ҳам дронлар кузатилган. Улар асосан тунда учиши айтилади.
Мавзуга оид
13:03 / 09.01.2025
Энгелсда дронлар ҳужумидан кейин фавқулодда ҳолат эълон қилинди
16:22 / 08.01.2025
2024 йилда Германиядан депортация қилинганлар сони 20 фоизга ошди
15:23 / 08.01.2025
Германия ғарбидаги отишмада икки киши ҳалок бўлди
09:24 / 08.01.2025