Кредит олишни ўзига ўзи тақиқлаш ҳақидаги қонун лойиҳаси Сенатга юборилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 14 январ куни бўлиб ўтган йиғилишда фуқароларга кредит олишни ўзига ўзи тақиқлаш ҳақидаги қонунни қабул қилди. Ҳужжат Сенатга юборилди.
Қонунчилик палатаси хабарига кўра, ушбу қонун лойиҳаси билан «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Унга кўра, жисмоний шахслар ўзи билан кредит битимларини тузишга тақиқ қўйиши мумкин бўлади. Шунингдек, Кредит битими тузиш тақиқланган шахслар реестрига киритишнинг тартиби ва шартлари, кредит ахборотидан фойдаланувчиларнинг белгиланган тақиқни бузган ҳолда кредит битими тузганлиги учун жавобгарлик белгиланилиши ҳам назарда тутилган.
Қайд қилинишича, қонун аҳолини ноқонуний кредитлаш, ўзгалар номига кредит олиш ва ушбу кредит маблағларини масофадан туриб ўғирлаш кўринишидаги фирибгарлик жиноятларидан ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонунга кўра, кредит олиш учун ариза беришни ихтиёрий равишда рад этиш механизмини жорий қилиш режалаштирилмоқда. Шу муносабат билан кредит битимларини тузиш тақиқланган шахслар реестрини яратиш назарда тутилмоқда.
Яъни жисмоний шахс бундай операциялар билан боғлиқ фирибгарлик ҳаракатларига йўл қўймаслик мақсадида кредит бюросига ўз номидан кредит шартномасини унинг иштирокисиз ёки хабардорлигисиз амалга оширишни тақиқлаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши мумкин бўлади. Ушбу хизмат ўзгалар томонидан кредит олиш ёки мижознинг пул маблағлари билан операцияларни амалга ошириш имкониятини чеклаш учун мўлжалланган.
Кредит шартномасини тузишни тақиқлаш ёки ушбу тақиқни бекор қилиш тўғрисидаги ариза Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП, my.gov.uz) орқали электрон шаклда, давлат хизматлари марказлари ёки кредит бюролари орқали ёзма ёки электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.
Кредит шартномасини тузишни тақиқлаш ёки тақиқни бекор қилиш ихтиёрий равишда амалга оширилади. Бу соҳадаги давлат хизмати бепул бўлади.
Реестрни юритиш кредит бюролари зиммасига юкланади, банклар ва нобанк кредит ташкилотларига реестрни текширмасдан мижозлар билан битимлар тузиш тақиқланади. Яъни потенциал қарз олувчига кредит беришдан олдин молия институтлари, биринчи навбатда, мавжуд чекловларни текшириши ва шундан кейингина кредит бериш тўғрисида қарор қабул қилиши керак. Агар бундай шартнома жисмоний шахснинг хабардорлигисиз тузилса, кредит шартномаси бўйича юзага келадиган ҳуқуқий оқибатлар учун банклар, нобанк кредит ташкилотлари ёки микромолия ташкилотлари жавобгар бўлади.
Қонунда Марказий Банк томонидан бу қоидаларни бузган кредит бюроларига нисбатан қўлланиши мумкин бўлган санкциялар ва чоралар ҳам баён этилган. Жумладан, уларга БҲМ 5 минг баравари (1,875 миллиард сўмгача) миқдорда жарима солиниши мумкин.
Сўнгги янгиликлар
-
БМТ бош котиби 2025 йилдаги асосий таҳдидларни санади
Жаҳон | 21:11 / 22.01.2025
-
«Ҳусанов аллақачон мослашган» – Гвардиола Абдуқодирни «Челси»га қарши ўйинга тайёр деб ҳисобламоқда
Спорт | 00:27
-
Туркиянинг Коня вилоятида тўрт қаватли уй қулаб тушди — видео
Жаҳон | 23:47 / 24.01.2025
-
Трамп Украина уруши бошланишида Путин ва Зеленскийни айблади
Жаҳон | 23:07 / 24.01.2025
Мавзуга оид
11:05 / 21.01.2025
100 долларлик банкнотанинг эскисидан воз кечиляптими?
11:04 / 17.01.2025
200 нафар тадбиркор халқаро молия бозоридан 2 млрд доллар жалб қилишга тайёрланади
21:39 / 14.01.2025
Қозоғистон хорижликлар учун банк карталарининг амал қилиш муддатини чеклади
08:52 / 07.01.2025