Жаҳон | 11:28 / 13.08.2025
18674
9 дақиқада ўқилади

РФ қўшини Донецк областида Украина мудофаасини чуқур ёриб ўтгани айтилмоқда. Бу ҳақда нималар маълум?

Турли манбалар Россия кучлари Покровск шимолида бирданига 10 километр масофага илгарилагани, Украина мудофааси учун муҳим бўлган бу шаҳар деярли ўраб олинганини айтмоқда. Аммо буни тасдиқловчи видеокадрлар пайдо бўлмаган. Россиядаги Z-каналлар ҳам хулоса қилишга шошилмаяпти.

Фото: Reuters / Scanpix / LETA

Сўнгги кунларда Украинадаги кўплаб манбалар РФ қуролли кучлари Донецк области Покровск райони Доброполе шаҳри атрофида, Краматорск ва Словянск йўналишида украинлар мудофаасини ёриб ўтгани ҳақида хабар тарқатди. Бу маълумот мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган, интернетда ҳозирча бундай чуқур ёриб киришни тасдиқловчи видеоёзувлар пайдо бўлмаган.

Украина мудофаа вазирлигига яқин ҳисобланган DeepState OSINT-лойиҳаси 11 август куни қуйидагича маълумот берди:

  • РФ қуролли кучлари Покровск шимолида саккиз-ўн километр масофага илгарилаб, Кучеров Яр ва Золотой Колодец қишлоқларига етиб келган, бу ерда кейинги юриш учун куч тўпланмоқда;
  • Кучеров Ярдан улар янада шимолроққа, Веселое қишлоғига ўтишган, 11 август кунидаги ҳолатга кўра, бу ҳудудга 20 чоғли россиялик ҳарбий келганди;
  • Шунингдек, Россия армияси Доброполе — Краматорск трассаси бўйида, Нововодяное ва Петровка қишлоқларида мустаҳкам ўрнашиб олишга ҳаракат қилмоқда.

DeepState таҳлилчилари россиялик ҳарбийлар «келгусида ҳаракатни давом эттириш учун заиф нуқталарни пайпаслаб кўраётгани», муваффақиятни ривожлантириш учун тезда ўрнашиб олишга ва куч тўплашга ҳаракат қилаётгани, бу вақтда украин командирлари «ёки муаммо жиддийлигини тушунмаётгани, ёки вазият „назорат остида“ деб ўйлаётгани»ни айтишган.

OSINT-лойиҳасида таъкидланишича, Золотой Колодец, Шахово ва атрофдаги бошқа аҳоли яшаш манзилларида украин кучлари қурган муҳандислик-фортификация иншоотларини РФ қуролли кучлари «шунчаки айланиб ўтмоқда, кейин эса эгаллаб олиб, ўз мудофааси учун фойдаланмоқда». Агар россиялик ҳарбийлар Золотой Колодец, Кучеров Яр, Веселое ва уларга қўшни бўлган бошқа қишлоқларни тўлиқ эгаллаб оладиган бўлса, Украина «Доброполе Покровскдан олдинроқ қулаши муаммосига дуч келиши мумкин», дея огоҳлантирган DeepState таҳлилчилари.

11 август куни финларнинг Black Bird Group лойиҳаси таҳлилчиси Паси Паройнен ҳам Покровскдан шимолдаги вазият шитоб билан ёмонлашиб бораётгани, сўнгги уч кунликда (9-11 август) РФ қўшини украинларнинг мудофаа чизиқларига тахминан 17 километр чуқурликда кириб борганини таъкидлаган. «Мавжуд маълумотларга кўра, Россиянинг илғор бўлинмалари Т0514 Доброполе – Краматорск йўлига етиб борган, шунингдек, Россия гуруҳлари Доброполе шаҳри чеккасига кириб боргани айтилмоқда», – деган Паройнен.

Россия қўшинлари май ойидан бошлаб июл ойи охиригача Покровск – Константиновка трассаси бўйлаб 10 километрдан ортиқ масофани босиб ўтиб, Покровск – Мирноград агломерациясини қуршаб олиш хавфини туғдирди, деб хабар берганди «Украинская правда» 29 июл куни. Россия қуролли кучлари назорати остидаги ҳудуднинг Золотой Колодец ва Нововодяное йўналишида кенгайиши «аслида бу йўлнинг узил-кесил йўқолишини англатади», деб ҳисоблайди нашр. Йўл Покровск учун асосий таъминот линияси ҳисобланган, бироқ июн ойида йўл Россия дронлари ҳужуми туфайли тинч аҳоли учун ёпилган.

Украинадагилар нима демоқда?

Украина қуролли кучларининг «Днепр» оператив гуруҳи РФ армияси сон жиҳатдан устунлигидан фойдаланиб, йўқотишларга қарамай, «кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда украин позицияларининг биринчи чизиғидан ўтишга ҳаракат қилаётгани» ҳақида маълум қилган. Шу билан бирга, украин ҳарбийлари россияликлар ҳудудни назорат қилмаётганини таъкидлаган. «Днепр»дагилар вазият мураккаб экани, Доброполе ва Покровск атрофида бутун фронт чизиғи бўйлаб шиддатли жанглар кетаётгани, аммо украин қўшини РФ қуролли кучлари гуруҳларини «йўқ қилаётгани»ни қўшимча қилган.

12 август куни «Украинская правда» «Азов» жангчилари бир неча кун олдин Покровск йўналишида Доброполе атрофида ҳамда Доброполе-Краматорск йўлида мудофаа чизиғини эгаллагани ҳақида хабар берди. «Азов»дагилар нашрга «муайян ҳудуд»да Россия кучлари йўли тўсилганини айтишган. Илгари бу ҳудуд учун «Покровск» оператив-тактик гуруҳи масъул бўлган, аммо азовчилар журналистларга маълум қилишича, ушбу гуруҳ «фронтнинг мазкур участкасидаги мудофаани умуман уддалай олмагани»ни маълум қилган.

«Азов» штаби собиқ бошлиғи Богдан Кротевич Украина президенти Володимир Зеленскийга мурожаат қилиб, Покровск – Константиновка чизиғида оғир вазият юзага келгани ва вазият кундан кунга ёмонлашаётганини айтган. «Энди амалда тўқнашув чизиғи мунтазам чизиқ сифатида мавжуд эмас», – деган Кротевич.

У Покровск ва Мирноград руслар томонидан деярли ўраб олингани, Константиновка ҳам қуршов арафасида қолгани, руслар Краматорск ва Дружкивка томон ҳаракатланаётганини қайд этган.

Унинг айтишича, россиялик ҳарбийлар бу қадар жадал илгарилашига украин қўшинлари бошқарувидаги хатолар, шахсий таркибдаги етишмовчиликлар ҳамда нотўғри стратегия сабаб бўлмоқда. «Жаноб президент, сизга қандай маълумот беришмоқда билмадим-у, лекин вазият жуда оғир», – деган у.

«Тирик қайт» жамғармаси раҳбари Тарас Чмутнинг фикрича, Донецк областидаги вазият Россия Федерациясининг зирҳли танк гуруҳлари Украина мудофаачилари ортига ўтиб олишига олиб келиши мумкин: «Ва харита яна 2022 йилда бўлгани каби „силжийди“ – ҳар куни ўнлаб, юзлаб квадрат километрга».

Х ижтимоий тармоғида ўзини украиналик захирадаги офицер деб атайдиган, Tatarigami_UA аккаунтидан ёзадиган аноним фойдаланувчи «ҳозирги вазият жиддий, аммо баъзилар тахмин қилганидек, қулашдан йироқ» деб ҳисоблайди. «2014 йилда ҳам, 2015 йилда ҳам Россия устунликка эришиш учун музокаралар олдидан йирик ҳужумларни бошлаганди», – деди у.

Украина қуролли кучлари бош штаби 12 август куни у украин ҳарбийлари Россия армиясининг Доброполе ва Покровск йўналишларида олдинга силжишини тўхтатиш учун «самарали чоралар кўраётгани» ҳақида хабар эълон қилди. «Бўлинмаларимиз душманнинг устун кучларига қарши оғир мудофаа жангларини олиб бормоқда. Хусусан, фақат Покровск йўналишининг ўзида босқинчилар 110 мингдан ортиқ аскардан иборат гуруҳни тўплади. <...> Вазият осон ва динамик эмас, бироқ мудофаа кучлари душман гуруҳларини аниқлаш ва йўқ қилиш учун барча зарур чораларни кўрмоқда», – дейилган баёнотда ва бу ҳудудларга қўшимча кучлар юборилгани қўшимча қилинган.

Россиядагилар нима демоқда?

Россиядаги Z-каналлар Доброполе ҳудудига Россия диверсия-разведкачи гуруҳлари сизиб кирган деб ҳисобламоқда. «Бизнинг илғор қисмлар чиндан ҳам ўша йўналишда ҳужумни ривожлантирмоқда, аммо ҳозирча Россия армиясининг ҳақиқий кўлами ва ҳужумга жалб этилган кучлари ҳақида аниқ гап айтиш қийин», – дея ёзган «Два майора» телеграм-канали. Ҳозирча РФ қуролли кучлари Доброполе ҳудудида мустаҳкам ўрнашиб олгани ҳақида гапиришга ҳали эрта, деб ҳисоблайди РФ мудофаа вазирлигига яқин ҳисобланган Rybar телеграм-канали. «Объектив назорат кадрлари пайдо бўлмагунча, кенг кўламли ютуқ ҳақида гапириш қийин», – дея қайд этган канал муаллифлари.

Кремлнинг собиқ маслаҳатчиси, сиёсатшунос Сергей Марковнинг фикрича, Россия қўшинлари «шахсий таркиб етишмовчилиги муаммосига учраган Украина қуролли кучлари фронтининг қисман парчаланиши» туфайли ёриб ўтишга муваффақ бўлган. «Бу ёриб ўтиш – Путин ва Трампга музокаралар арафасидаги совға бўлиб, Зеленский ва Европа бутун Донбассни ҳудудларни алмашиш сифатида бериши кераклигини – акс ҳолда Россия армияси уни куч билан эгаллашини кўрсатади», – деган Марков.

АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин 15 август куни Аляскада Россия-Украина урушини тугатиш масаласини муҳокама қилиш учун учрашмоқчи. ОАВда тарқалган хабарларга кўра, Путин АҚШга Украина Донецк областининг ўз назоратида қолаётган қисмини ҳам топширишини хоҳлашини айтган. Шу билан бирга, у Херсон ва Запорижжя областларининг ишғол этилган ҳудудларини Украинага қайтармоқчи эмас. Украина президенти Володимир Зеленский эса Россияга ҳудудларини топширишга қарши чиқмоқда.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид