Молия | 18:37 / 13.08.2025
6064
2 дақиқада ўқилади

Путин ва Трамп учрашуви олдидан молиявий прогнозлар

Россия ва АҚШ етакчиларининг 15 август куни режалаштирилган учрашувлари нафақат сиёсий майдон учун, балки дунё иқтисодиёти учун ҳам ўта муҳим. Учрашув натижалари нефт, олтин, валюталар курси ва акциялар нархларига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Экспертларнинг мана шу тўртта молия воситалари бўйича прогнозларига тўхталамиз.

Фото: Getty images

Нефт. Сўнгги ҳафталарда Brent маркали нефт нархининг динамикаси Доналд Трамп баёнотлари ҳамда инвесторларнинг Россия нефтини харид қилувчи мамлакатларга (энг аввало Ҳиндистон ва Хитойга) қарши иккиламчи санкциялар ҳақидаги қарашларига боғлиқ бўлди. Июл охирида нархлар чўққига чиқиб, баррелига 73 доллардан ошган бўлса, икки президент саммити ҳақидаги маълумотлар ортиши билан ваҳима пасайиб, нархлар тушди. 12 август куни Лондон биржасида Brent'нинг баррели 66 долларгача пасайди.

Россия нефтига босим камайиши эҳтимоли туфайли нархлар қисқа муддатда кўтарилиши мумкин, лекин ўрта муддатда пасайиш хавфи ҳам бор, чунки таъминот кўпаяди.

Олтин. 8 август куни олтин нархи тарихий рекордни янгилаб, унциясига 3534,1 долларга етди. Бунга сабаб АҚШнинг 1 кг оғирликдаги олтин қуйма импортига бож жорий этиши бўлди.

2025 йилда олтин нархи марказий банкларнинг барқарор талаби ва иқтисодий ноаниқлик туфайли жозибадор бўлиб қолаверади ва унциясига 3200–3300 доллар атрофида барқарорлашиши прогноз қилинмоқда.

Валюталар. Россияга нисбатан санкциялар юмшатилиши истиқболида рублнинг мустаҳкамланиши эҳтимоли катта, аммо хорижга валюта чиқиши кўпайиши мумкин. Бу эса рублни қисқа муддатга заифлаштиради.

Акциялар. Россияга қарши санкцияларни бекор қилиш осон бўлмайди, чунки кўп санкциялар Европа Иттифоқи томонидан киритилган. Аммо энергетика ҳамда логистика тармоқларидаги халқаро компаниялар акциялари кўтарилиши мумкин.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид