Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Санкциялар Россия тараққиётини узоқ муддатга секинлаштиради — экспертлар
Европа Иттифоқи Россияга қарши 19-санкциялар пакетини тайёрламоқда. Сиёсий таҳлилчиларга кўра, бунга қадар киритилган 18 та пакет кутилган натижани бермаётгандек кўринса-да, аслида вазият рус пропагандаси айтаётганидан анча жиддийроқ. Хитойдан фарқли равишда, Россия ўзининг автоном интернети ва молия тизимларига эга мустақил цивилизация бўлолгани йўқ.
— Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Россияга қарши 19-санкциялар устида иш олиб борилаётганини айтди. Бу галги пакетдан қандай натижалар кутиш мумкин?
Абдували Сойибназаров: Тўғрисини айтганда, ҳозиргача 18 та санкциялар пакети жорий этилганини кўрдик. Аслида бундай санкциялар Европа Иттифоқи ва АҚШ томонидан бошқа мамлакатларга нисбатан қўлланганда давлатнинг иқтисодиёти, молия тизими ва умумий аҳволини издан чиқариши керак эди. Яъни бу санкциялар Россияга катта зарба бериб, урушни тўхтатишга мажбурлаши керак эди. Лекин минг афсуски, Россия бу босимларни четлаб ўтяпти. Албатта, бунга сабаблардан бири – Россиянинг айрим иттифоқчилари борлиги. Масалан, Хитой Россияни энг фаол қўллаб-қувватлаётган давлатлардан бири. У Россияга молиявий, иқтисодий ва ҳатто ҳарбий ёрдам ҳам кўрсатмоқда. Чунки Хитой Россиянинг бу урушда мағлубиятга учрашидан манфаатдор эмас.
Қисқасини айтганда, Европа Иттифоқининг санкциялари Россия иқтисодиётини синдирадиган даражада таъсир кўрсата олмаяпти.
Камолиддин Раббимов: Россия санкцияларни тўлиқ айланиб ўтяпти, деб бўлмайди. Вазиятни бу даражада соддалаштириш керак эмас. Россия – совет иттифоқи парчаланганидан кейин Ғарб билан интеграциялашган, Ғарб цивилизациясининг таркибий қисми эди. Лекин 2007 йилдан бошлаб Владимир Путин Ғарбга нисбатан танқид ва эътирозларини очиқ баён эта бошлади. Агар Путиннинг яқин атрофидаги уни қўллаб-қувватловчи файласуф ва мафкурачилари қарашларига эътибор қаратадиган бўлсак, ҳозирги Россиянинг стратегик мақсади – дунё ҳокимиятида устунлик қилаётган Ғарбни, айниқса, АҚШ ва Ғарбий Европани бу мавқейидан туширишдир. Россия Ғарбни заифлаштириш учун АҚШ ва Ғарбий Европа ўртасида зиддият пайдо қилишга уринмоқда. Бироқ Россия, Хитой сингари ўзига хос, автоном цивилизация шакллантира олмаслигини амалда кўрсатди. У ўз олдига мустақил интернет, банк ва тўлов тизимларини яратиш каби мақсадларни қўйган эди. Аммо бу соҳаларнинг бирортасида тўлиқ муваффақиятга эриша олмади.
Шу пайтгача Россияга қарши жорий этилган 18 та санкциялар пакети уни бутунлай қулатмаган бўлса-да, иқтисодий жиҳатдан жудаям ҳолсизлантирди. Бу санкциялар натижасида Россия иқтисодиёти секинлашди, тараққиёт модели ўзгарди. Бу ўзгаришларнинг салбий оқибатлари 5, 10, ҳаттоки 20 йилдан кейин яққол кўзга ташланади.
Санкциялар остида, масалан, Эрон ҳам йиқилиб тушгани йўқ. Худди шундай, Шимолий Корея ҳам яшаяпти, куни ўтяпти. Лекин улар рақобатбардош давлатлар эмас. Эроннинг ракеталари зўр, лекин яхши авиация ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ярата олмайди. Шимолий Корея бир амаллаб ядровий қуролга эришган, бу қурол Америкага учиб бормаслиги мумкин, Жанубий Корея билан Японияга эса зарба бера олади. Лекин тараққиёт, инсон потенциалининг ривожлангани нуқтайи назаридан Шимолий ва Жанубий Корея ўртасида бир асрлик фарқ бўлса керак. Ваҳоланки, улар ажралганига бир аср бўлгани йўқ ҳали.
Хулоса қилиб айтганда, Россия ҳозирча катта давлат сифатида сақланиб турибди, аммо унинг иқтисодий ва ички салоҳияти заифлашяпти. Бу заифлик ҳозирча расмий пропаганда воситалари орқали яширилмоқда, лекин яқин йилларда бу ички муаммолар очиқ юзага чиқиши муқаррар.
Шуҳрат Расул: Статистикага эътибор берайлик. 2022 йилда Россия иқтисодиётига умумий валюта тушуми 374 миллиард долларни ташкил қилган. 2023 йилда бу кўрсаткич 230 миллиард долларгача камайган. 2025 йил якунига қадар, прогнозларга кўра, атиги 120 миллиард доллар миқдорида валюта тушиши кутилмоқда. Яъни атиги икки йил ичида валюта тушуми 374 миллиарддан 120 миллиардгача қисқаряпти.
2025 йил учун Россиянинг ҳарбий бюджети 145 миллиард доллар деб белгиланган. Олти ойлик натижаларга кўра, Россия бюджетида 53 миллиард долларлик камомад қайд этилган. Йил якунида камомад 100 млрд доллардан ошиши прогноз қилинган.
Ташқи қарз олиш имконияти деярли йўқ, чунки халқаро молия бозорлари ёпилган. Ички бозорда эса Россия давлат облигациялари орқали қарз олишга ҳаракат қилиняпти, лекин улар ҳам муваффақиятсиз кетмоқда. Облигацияларнинг фоиз ставкалари 17-18 фоиз атрофида бўлишига қарамай, инвесторлар ишончсизлик билан қарашяпти.
Пулни ташқаридан ҳам, ичкаридан ҳам ололмаса, ягона чора – пул эмиссияси бўлади. Бу эса ўз навбатида инфляцияни кучайтиради. Шу боис, катта эҳтимол билан жорий йил охирига келиб Россияда кескин инфляцион жараёнлар бошланиши мумкин. Бунга атиги тўрт-беш ой вақт қолди холос.
Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube'да томоша қилишингиз мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:54 / 06.12.2025
Путин денгиз блокадаси билан таҳдид қилди. РФ армияси бунга қодирми?
15:53 / 05.12.2025
🔴 LIVE: Хитой Россияга таъсир қилоладими? | "Геосиёсат"
13:45 / 05.12.2025
Кипр: Украина ЕИ Кенгашига раислик даврида устувор йўналиш бўлади
16:03 / 04.12.2025