Жаҳон | 12:21 / 15.08.2025
22007
7 дақиқада ўқилади

Москва ва Киев ўртасида асирлар алмашуви қандай йўлга қўйилган?

Барчаси украин офицерининг ҳалок бўлган россиялик аскар ёнидан чиққан телефондан қилган қўнғироғидан бошланган.

Михаил Воскресенский / РИА Новости /. Sputnik / Profimedia

Россия ва Украина ўртасидаги урушнинг тўртинчи йилига келиб ҳам асирлар алмашинуви икки давлат ўртасидаги ягона тўғридан тўғри алоқа линияси бўлиб қолмоқда. Бу жаҳон ҳарбий тарихида камдан кам учрайдиган ҳолат: урушаётган томонлар бундай алмашувларни мунтазам ва кенг миқёсда амалга оширмоқда – бу алмашувларда жами 10 мингга яқин киши иштирок этган. The Wall Street Journal Россия ва Украина ўртасида асирларни алмашиш тизими қандай юзага келгани ва қандай ишлаши ҳақида ҳикоя қилади. Газета материали украин ҳарбийлари ҳамда европалик дипломатларнинг интервюларига асосланган – Россия вакиллари эса саволларни жавобсиз қолдирган. «Медуза» ушбу мақоланинг асосий жойларини келтиради.

Асирларни алмашиш учун канал 2014 йилда Минскда Украина шарқида Киев расмийлари ва Россия томонидан қўллаб-қувватланган маҳаллий айирмачилар ўртасидаги можарони тугатиш (кейинчалик маълум бўлишича, музлатиш) бўйича музокаралар пайтидаёқ пайдо бўлган.

Минскда россияликлар ва украиналиклар ўртасидаги учрашувларга бош-қош бўлган швейцариялик дипломат Тони Фриш улар номларни украинча ва русча ёзишдан тортиб, ким кимга ўқ узганигача – деярли ҳамма нарса ҳақида баҳслашган. Тушлик пайтида ёки барда томонларни яқинлаштиришга уринишлар ҳеч қандай натижа бермаган. Украинадаги россияпараст партия раҳбари ва музокараларда Украина вакили сифатида қатнашган Виктор Медведчук Москвага «номи беш ҳарфдан иборат бўлган одам» – Владимир Путиннинг олдига бориб келиш учун бир неча бор учрашувларни тўхтатган.

2014 йил охиридан бошлаб Киев ва Донбассдаги «халқ республикалари» (аслида уларнинг ортида Россия турган) ўртасида кичик асирлар алмашуви бошланади. Баҳслар ҳар бир асирнинг «қадр-қиммати» ҳақида борарди. Фриш Қизил Хоч вакиллари билан асирликдаги украинлар қийноқлар ҳақида гапирган қамоқхоналарга борган. 125 та учрашувда 600 га яқин кишини алмашишга муваффақ бўлинган ва дипломат бу жараённи Марокаш бозоридаги савдога таққослаган.

2022 йил бошида Россия қўшинлари чегара яқинида тўпланиши фонида учрашувлар тўсатдан тўхтайди. 22 феврал куни Путин дипломатларни чақириб олди ва «Минск жараёни» тугаганини эълон қилди. Икки кундан кейин Россия армияси Украинага расман бостириб кирди.

Март ойи охирларида Украина ҳарбий разведкси бошлиғи ўринбосари Дмитрий Усов асирлар ва қурбонларнинг жасадларини алмашиш учун Россия томони билан алоқани йўлга қўйиш бўйича топшириқ олади. Олдинги алоқа линиялари узилган, томонлар ўртасида ўзаро ишонч қолмаганди.

Ҳарбий асирлар билан ишлаш бўйича мувофиқлаштирувчи штаб котиби Дмитрий Усов Суми областидаги алмашувлардан бири вақтида. Фото: Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA

Усовнинг қўлида кенг кўламли урушнинг дастлабки ҳафтасида Киев остонасида ҳалок бўлган россиялик ҳарбий хизматчининг чўнтагидан чиққан Xiaomi телефони турарди. Контактлар рўйхатида ушбу телефон эгаси хизмат қилган бўлинма командири ҳам борлиги аниқланади. Усов шунчаки унга қўнғироқ қилиб, ўзини таништиради ҳамда қурбонларнинг жасадларини алмашишни таклиф қилади.

Бу телефон Россия ва Украина ҳарбийлари ўртасидаги биринчи тўғридан тўғри алоқа линияси бўлганди. У ўз исми-шарифи ва унвонини яширмасди, лекин «Стайер» чақирув белгисидан фойдаланишни афзал кўрарди – ва шахсий ёки хизмат телефонидан эмас, балки фақат қўлга киритилган телефонда гаплашарди. Бироз ўтгач, у ўзининг асосий суҳбатдоши ГРУ (Россия ҳарбий разведкаси) генерали Александр Зорин эканини билиб олади. Зорин 2015–2017 йилларда Россиянинг Суриядаги операцияси давомида биринчи даражали ҳарбий музокарачи сифатида обрў қозонган, жангарилар билан ўт очишни тўхтатиш ва гуманитар йўлаклар ташкил этиш, баъзан эса асир тушган жангарилар гуруҳларини топшириш бўйича келишувларга эришган.

РФ қуролли кучлари бош штаби ахборот бош бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Александр Зорин, 2025 йил 8 июн.
Кирилл Жуков / РИА Новости / Sputnik / Profimedia

Усов The Wall Street Journal билан суҳбатда Зориннинг профессионаллигини эътироф этади. Айтишича, у Зориннинг Яқин Шарқдаги музокаралар ҳақидаги диссертациясини ўқиб чиққан – ва бу унга суҳбатдошининг тилини топишда ёрдам берган.

Усовнинг Зорин билан шахсан танишуви 2022 йил майида Мариуполда рўй беради: уларнинг иккиси ҳам «Азовстал»ни топшириш бўйича музокараларда қатнашади. Ўшанда завод қамали якунланганида икки ярим мингга яқин украин жангчилари Россияга асир тушганди.

Киев дарҳол уларни алмаштириш учун музокараларга воситачи қидира бошлайди. Бетарафлик сиёсатига амал қилиб келувчи Швейцария тўғри келмасди — Россия бу давлатни «нодўст давлатлар» рўйхатига киритганди. Якунда воситачилик ролини Туркия, Қатар ва Саудия Арабистони ўз зиммасига олади. 2022 йил 21 сентябрида Туркия йирик алмашувни ташкиллаштиради: украиналик беш командир Анқарага олиб ўтилади, Россия эса Виктор Медведчукни олади. Параллел равишда Россия ҳудудидан Украина томонида туриб жанг қилган ва асир тушган европаликлар гуруҳи самолётда Саудия Арабистонига олиб кетилади. Уларга россиялик бизнесмен Роман Абрамович ҳамроҳлик қилади.

Ушбу битимлар доимий механизм учун асос бўлади. Украина разведка хизматининг Киевдаги биносида ҳарбий асирлар билан ишлаш бўйича мувофиқлаштирувчи штаб тузилади. Юқори қаватда Усов асирларнинг оила аъзолари билан учрашади, ертўлада эса 34 ёшли Виктория Петрук бошчилигидаги таҳлилчилар асирлар ҳақида маълумот тўплайди. Озод қилинган украинлар камералардан махфий равишда қуролдошларининг рўйхатларини олиб келишади. Ҳозирда Россия ва Украинанинг босиб олинган ҳудудларида маҳбуслар сақланадиган 200 га яқин жойлар аниқланган.

Украина эса бешта қамоқхонани ҳарбий асирлар лагерига айлантирган. Киевдагилар ғарблик ҳамкорларига россиялик асирларга Россия украинларга қилганидан яхшироқ муносабатда бўлишини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.

Ўшандан бери асирларни алмашиш деярли одатий ҳолга айланди. Бу жараённи ҳатто 2024 йил январ ойида Белгород яқинида алмашиш учун олиб кетилаётган 65 нафар украиналик асир бўлган Россия самолёти қулагани ҳам бузмади. Катта эҳтимол билан, самолётни Украина ҳаво мудофаа тизими уриб туширган.

Генерал Зорин 2025 йил май ойида Истанбулда Украина билан музокараларда Россия делегацияси таркибидан ўрин олди. Ушбу музокараларнинг деярли ягона мазмунли натижаси навбатдаги кенг кўламли асирлар алмашинуви тўғрисидаги келишув бўлганди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид