Ўзбекистон | 15:34 / 16.08.2025
7453
3 дақиқада ўқилади

7,3 млрд сўм зарар: “Halol Avtolizing”чилар иши судга чиқди

Kun.uz суриштирувидан сўнг жиноят иши очилган “Halal Auto Leasing Kompany” ишининг ажратилган қисми судга юборилди. Жиноят ишида терговдан бўйин товлаб, яшириниб юрган 4 нафар шахсга нисбатан эса қидирув эълон қилиниб, сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Жиноий гуруҳ чет давлатларга ишчи виза расмийлаштириб беришни айтиб, 500 нафардан ортиқ фуқарони алдаган.

Фото: Kun.uz

“Halal Auto Leasing Kompany” ишининг ажратилган қисми судга юборилди. Суд ишлари жадвалига кўра, ушбу жиноят иши бўйича дастлабки суд мажлиси 18 август куни судя Ҳасан Очилов раислигида ЖИБ Шайхонтоҳур туман судида бўлиб ўтади.

Kun.uz танишган тергов ҳужжатларида келтирилишича, Сухроб Давронов танишлари Олимжон Мамажонов, Ихтиёр Йўлдошев, Мурод Султонов, Улуғбек Йўлдошев, Хизибек Тожибоев ва бошқалар билан тил бириктириб, “Halal Auto Leasing Kompany” ҳамда “Halal Auto Leasing Group” МЧЖларни ташкил этган. Шунингдек, улар “World Viza Agency” МЧЖни ташкил қилиб, Финландия ва Дания давлатларига ишга кетмоқчи бўлган фуқароларга ишчи виза расмийлаштириб бериш тўғрисида фаолиятини тарғиб қилган. Мижозлар билан дастлаб “аванс тўлови тўғрисида” шартномаларини тузиб, 120 кун мобайнида машиналар етказиш, шунингдек, ишчи виза расмийлаштириб беришни ваъда қилган ҳамда шартнома шартларини бажармасдан, фуқаролар манфаатларига жуда кўп миқдорда моддий зарар етказган.

Ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан “World Viza Agency”, “Halal Auto Leasing Kompany” ва “Halal Auto Leasing Group” МЧЖларнинг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида “World Viza Agency” МЧЖдан 577 нафар, “Halal Auto Leasing Kompany” ва “Halal Auto Leasing Group” МЧЖлардан 110 нафар фуқаро жабрлангани аниқланган. Тергов давомида Олимжон Мамажонов, Ихтиёр Йўлдошев, Мурод Султонов, Улуғбек Йўлдошев ва Хизибек Тожибоевга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Жабрланувчиларга нисбатан 7,3 млрд сўм миқдорда моддий зарар етказилгани аниқланган ва ушбу пулларнинг бир қисми тергов органи саъй-ҳаракати билан қопланишига эришилган.

Жиноят ишининг ажратилган қисми суд муҳокамасига юборилган. Ҳозирда терговдан яшириниб юрган Фаррух Абулов, Фахриёр Солиев ва Улуғбек Ҳасановга қидирув эълон қилинган ва сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ушбу шахсларнинг жойлашувлари тўғрисида бирор бир маълумотга эга бўлган фуқаролардан 102 ёки Тергов департаментининг (71) 231-33-94 рақамларига хабар бериш сўралади.

Kun.uz “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖнинг шубҳали фаолияти юзасидан 2024 йил 16 ноябр куни суриштирув эълон қилганди. Орадан 20 кун ўтиб, 5 декабр куни фирма офиси ИИВ Тергов департаменти томонидан муҳрлаб кетилди ҳамда МЧЖ мансабдорларига жиноят иши очилган эди. Сўнгра МЧЖ мансабдорлари қамоққа олинганди.

Мавзуга оид