Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АПЛда янги мавсум бошланди. «Ливерпул» драматик ғалабага эришди
«Борнмут» «Энфилд»да икки гол фарқини йўққа чиқарди. Аммо бу етарли бўлмади.
Фото: ADAM VAUGHAN/Epa/ТАСС
АПЛ. 1-тур. 15 август
«Ливерпул» — «Борнмут» 4:2
Голлар: Экитике (37), Гакпо (49), Семенио (64,76), Кеза (88), Салоҳ (90+4).
«Ливерпул» — Алиссон, Фримпонг (Эндо, 60), Конате, Ван Дейк, Керкез (Робертсон, 60), Собослай, Мак Аллистер (Жонс, 72), Салоҳ, Виртц (Кеза, 82), Гакпо, Экитике (Гомес, 72).
«Борнмут» — Петрович, Трюффер, Сенеси, Диаки́те, Смит, Адамс, Брукс (Уинтерберн, 84), Таверне, Скотт (Траоре, 74), Семенио, Эванилсон.
Огоҳлантиришлар: Брукс (14), Керкез (43), Эванилсон (81)
Жума оқшомида АПЛда янги мавсум старт олди. Бир неча кун олдин «Ливерпул» Англия Суперкубоги учун баҳсда сенсацион равишда «Кристал Пэлас»га ютқазганди, лиганинг илк ўйини эса «Энфилд»да ёзда ҳимоя чизиғини бутунлай ўзгартирган «Борнмут» меҳмон бўлди — Ҳаусен, Забарний ва Керкез кучлироқ жамоаларга ўтишди. Улардан учинчиси — айнан Арне Слот жамоасига келиб қўшилди. Қолаверса, меҳмонлар тўпурари Клюйверт жароҳатидан тузалишга улгурмаганди. Кўпчилик Англия чемпионлари йирик ҳисобда ғалаба қозонишини тахмин қилаётганди, амалда эса ўйин кутилмаган сценарийда кечди.
Ўйин олдидан стадионда фожиали ҳалок бўлган Диогу Жота ва унинг укаси Андре Силвани хотирлашди. Кейин эса ўйин бош ҳаками янги мавсумнинг илк ўйинини бошлаб берди. Мерсисайдликлар дарҳол бўш ҳудудларга эга бўлишди ва олдинга ташланишди, «Челси» собиқ дарвозабони Петровичнинг ҳушёрлигини текшириб кўришди. Шундай вазиятлардан бирида Салоҳ марказга кўчди ва тўпни дарвоза тўсини остига йўллади, дарвозабон маҳоратини ишга солиб, тўпни юқорига кўтариб юборди.
Аммо меҳмонлар ҳам таркибдаги йўқотишларга қарамай, ўз принципларидан чекинмади ва юқори прессинг уюштириб, мунтазам равишда тезкор ҳужумларга ўтди. 10-дақиқагача мезбонлар дарвозаси томон икки бор бурчак зарбаси ишланди. Шундан бир ҳолат сўнгги вақтларда ишончсиз ҳаракат қилаётган Конате дарвозабонга хато пас бериши туфайли белгиланди.
14-дақиқада эса мутлақо ғалати эпизод кузатилди. Сенеси қўлини ишга солиб, Экитике яккама-якка вазиятга чиқиб кетишига йўл қўймади. Ва гап тўп оёғи орқали қўлига келганида эмас, у онгли равишда яна бир бор бармоқлари билан тўп йўналишини ўзгартирди.

Ўйин бош ҳаками Энтони Тейлор эса «Борнмут» фойдасига жарима зарбаси белгилади, у бу вазиятда Экитике ҳужумда фол ишлатган деб топди. VAR вазиятга аралашмади. Ҳолбуки бу ҳолатд ҳимоячига қизил карточка кўрсатилиб, меҳмонлар дарвозасига пеналти қўйилиши ҳам мумкин эди.
Шундан сўнг аста-секинлик билан эҳтирослар сўна бошлади. Трибунадан Семенйо манзилига ирқчилик руҳидаги сўзлар янгради. Катта эҳтимол билан, мезбон мухлислар унинг ҳужумдаги фаоллигига шундай реакция кўрсатишди. Ҳакам аввалига икки жамоа бош мураббийлари Слот ва Андони Ираола билан, кейин эса сардорлар ван Дейк ва Смит билан гаплашди. Ўйин давом эттириладиган бўлди.
Пауза ўйинни янада секинлаштирди. Биринчи бўлимдаги ҳал қилувчи эпизод эса 35-дақиқада рўй берди. Смит ўнг қанотда олдинга ўтиб, Керкезни йўлдан олди ва жарима майдонига тўп узатди, Тавернер Алисон дарвозасини ишғол этиши керак эди, аммо зарба ўта кучсиз чиқди ва тўп бразилиялик посбоннинг қўлларига борди. Мезбонлар дарҳол жавоб ҳужуми уюштирди — Экитике Мак Аллистернинг узатмасидан кейин рикошет ёрдамида ҳужумни давом эттирди ва Петковични осонлик билан доғда қолдирди.
Жамоага ёзда келган француз ҳужумчиси бу билан тўхтаб қолмади. Иккинчи бўлим бошида у Гакпони голли узатма билан таъминлади.
Аммо шундан кейин мерсисайдликлар ўйинни ташлаб юборишди. 60-дақиқада эса мураббий жамоанинг икки янги футболчисини майдондан олди: Керкез ва Фримпонг ўрнига Эндо ва Робертсон туширилди. «Борнмут» эса шу заҳоти интригани қайтарди. Собослаи рақиб жарима майдони яқинида товонда пас беришга уриниб тўпни йўқотди, Адамс чап қанотдан ажойиб қарши ҳужум уюштирди. Ван Дейк офсайд чизиғини ушлашда хатога йўл қўйди ва Брукс марказда очилган Семенйони тўп билан таъминлади. Ганалик ушбу футболчи икки йил олдин ҳам мавсум стартида (2-турда) «Ливерпул» дарвозасини ишғол этганди. Бу унинг одатига айланиб бормоқда.

Мерсисайдликлар саросимага тушиб қолишди ва очиқчасига ташаббусни бой бера бошлашди. Жамоа футболчилари ҳимояга ётиб олишди ва ўйиннинг фақат 25-30 фоиз вақтида тўпга эгалик қилишди. Хато қилиш навбати Салоҳга келди, у Собослаига ноқулай пас берд, тўпни эгаллаб олган Траоре Семенёни олдинга бошлади. Ганалик ҳужумчи эса бутун майдонни тўп билан босиб ўтиб, рақиблар қуршовида турганига қарамай, дублни расмийлаштирди.
Шунга қарамай, мўъжиза рўй бермади. «Ливерпул» ўз вақтида уйғонди. Ўйин охирида майдонга туширилган Киеза ўйин тақдирини ҳал қилди. 88-дақиқада Алисон майдон марказидан тўпни оширди, Салоҳнинг дарвозабон ҳудудига узатмасидан кейин Петрович тўпни узоқлаштиришда хато қилди, Федерико эса Уинтербёрндан келган тўпни дарвозага йўналтирди.
Қўшимча дақиқаларда эса Салоҳ ўйинга нуқта қўйди ва голни Жота услубида нишонлади. Мисрлик ҳужумчи 2017 йилдан буён мавсумнинг биринчи ўйинларида тўққиз ўйинда 10 гол уришга эришган.

«Ливерпул» эса кетма-кет иккинчи ўйинда муаммога дуч келмоқда, Слот бу борада ҳали кўп ишлаши керак бўлади.
Мавзуга оид
20:53 / 09.12.2025
Салоҳнинг демарши. Нега бундай бўлди ва буёғига нима бўлади?
11:39 / 08.12.2025
Учта қизил, иккита жавобсиз гол. «Реал» «Бернабеу»да иложсиз ҳолда қолди
19:26 / 07.12.2025
«Кимдир мени жамоада кўришни истамаяпти». Салоҳ шов-шувли интервю берди
10:09 / 07.12.2025