Технология | 08:20 / 18.08.2025
5828
3 дақиқада ўқилади

Энергетика инқилоби: Хитой сузувчи шамол электр станциясини яратди

Стационар пойдеворга бўлган эҳтиёжнинг йўқлиги шамол энергияси учун деярли бутун дунё океанини очиши мумкин.

Фото: China Huaneng Group/Handout via Xinhua

Хитойлик муҳандислар сузувчи шамол турбинасининг прототипини тақдим этди. Уларнинг сўзларига кўра, бу электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича рекорд ўрнатди ва қайта тикланадиган энергия соҳасида янги даврни бошлаши мумкин. Бу ҳақда LiveScience ёзмоқда.

Қурилма China Huaneng Group энергетика гиганти ва электр энергияси ишлаб чиқарувчи Dongfang Electric Corporation ҳамкорлигида яратилди – иккала компания ҳам давлатга тегишли.

Ҳар бир турбина 17 мегаватт (МВт) тоза энергия ишлаб чиқаришга қодир, бу йилига тахминан 68 миллион киловатт·соат (кВт·соат) га тенг. Бундай ҳажм 6300 га яқин замонавий хонадонни электр энергияси билан таъминлашга етади.

Асосий модул - генераторли гондола 152 метр баландликдаги минорага ўрнатилган. Парракли роторнинг диаметри 262 метрни ташкил этади. Парракларнинг битта тўлиқ айланиши 53 000 м2 майдонни қамраб олади, бу саккизта футбол майдонига тенг.

Алоҳида турбиналарнинг қувватини ошириш соҳани ривожлантириш учун муҳим аҳамиятга эга: битта станцияда турбиналар сонининг камлиги қурилиш харажатларини камайтиради ва электр энергиясини ишлаб чиқаришни бошлаш вақтини қисқартиради.

Шу билан бирга, турбиналарнинг очиқ денгизда жойлашиши экстремал шароитларга бардош бериш зарурлигини англатади. Хитойнинг Huaneng компанияси янги турбина 24 метрдан ортиқ баландликдаги тўлқинларга ва 64 узелдан ортиқ тайфун кучига эга шамолларга бардош бера олишини маълум қилди. Тез орада у Хитойнинг Янцзян қирғоқларида синовдан ўтказилади.

Денгиз шамол электр станцияларини қуриш қуруқликдагига қараганда қимматроқ бўлишига қарамай, уларни денгизда жойлаштириш кучлироқ ва барқарорроқ шамоллардан фойдаланиш имконини беради, бу эса камроқ тўхташ билан кўпроқ энергия ишлаб чиқаришни таъминлайди.

Ҳозирги кунда денгиз турбиналарининг аксарияти денгиз тупроғига маҳкамланган мустаҳкам пойдеворли тизимлардир. Бундай усул саёз жойларда, масалан, ўртача чуқурлиги атиги 90 метр бўлган Шимолий денгизда самарали ҳисобланади.

Бироқ, Дунё океанининг катта қисми бундай иншоотларни ўрнатиш учун жуда чуқур: ўртача чуқурлик 3682 м. Турбинанинг энг чуқур пойдевори Шотландия қирғоқлари яқинидаги Seagreen лойиҳасида қайд этилган - 58,6 м.

Шамол энергетикаси бўйича глобал кенгаш ҳисоб-китобларига кўра, дунёдаги денгиз шамол энергетикаси салоҳиятининг қарийб 80 фоизи 60 метрдан чуқурроқ жойларда тўпланган - бу стационар тизимлар учун жуда чуқур. Шу сабабли, сузувчи турбиналарни ривожлантириш қайта тикланадиган энергия имкониятларини тубдан ошириши мумкин, бу эса илгари мавжуд бўлмаган шамол энергияси салоҳиятига эга ҳудудларга кириш имконини беради.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид