Ўзбекистон | 13:57 / 18.08.2025
31441
4 дақиқада ўқилади

«Пул бермасам, яна уради» – Сурхондарёда аёл эри томонидан аёвсиз калтакланди

Аёл 6 йилдан буён доимий тазйиқ остида яшаб келгани айтилмоқда.

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида косметолог Эргашева Жамила ўз турмуш ўртоғи Турсунали Эргашев томонидан аёвсиз калтаклаган. Унинг опаси, актриса Мадина Маҳмудова инстаграмдаги саҳифасида синглисининг юзида кучли калтаклаш излари акс этган суратларини жойлаштирди.

Постда жабрланувчи олти йил олдин турмуш қургани, ўтган вақт давомида турмуш ўртоғининг таҳқир ва калтакларига чидаб келгани, 16 август кунги калтакланиши сўнгги томчи бўлгани айтилади.

Маълум бўлишича, аёл эри ухлаб қолгунча кутиб, эрталабки соат олтиларда кичик ёшдаги фарзанди билан уйдан қочиб кетган. Постда эълон қилинган кузатув камераларидан олинган видеода аёлнинг уйдан деярли ҳеч нарсасиз, қўлида фақат боласини кўтариб чиққанини кўриш мумкин.

Аёлнинг ўзи номидан ёзилган маълумотда икки фарзанди борлиги, оилада ўзи ва қайнонаси ишлаши, турмуш ўртоғи ҳеч қаерда ишламаслиги ва унинг ҳисобига яшашини айтади.

«Сигаретигача олиб бераман, унинг жарималари, қарзлари, машинасининг кредитини, бензин харажатини ва ҳатто спорт зали учун абониментини ҳам тўлайман. Баъзида мен берган пулларни у ўз севгилисига ишлатади», – деган у.

Қўшимча қилинишича, у пул бермаганида навбатдаги калтаклашга дучор бўлади. «У мени хонага қамаб олади ва мия чайқалишига олиб келадиган даражада уради ва буни нафақат болалар, балки қўшнилар ҳам эшитади. Ишламаган пайтимда у онамга таҳдид қилиб йиғлатган ва пул ундирган. У ҳар куни тонгдан тунгача тақиқланган моддалар истеъмол қилади. Борадиган жойим йўқ деб ўйлаганим учун чидаганман ва қариндошларимдан ҳеч бирига айтмаганман. Унинг қилиқларидан яқин қариндошлари хабардор, аммо улар ҳам ҳеч қандай чора кўришмайди», – дейилади постда.

Ушбу пост кенг тарқалгач, муштумзўр эр ўзини оқлашга уриниб, «калтаклашига сабаблар борлиги»ни айтган. «Агар мен ваҳший бўлганимда, бу аёл тирик қолмаган бўларди», деб таҳдид қилган у сторисда.

 

Ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти ИИБ изоҳ берди.

Қайд этилишича, 15 августдан 16 августга ўтар кечаси, тунги соат 02:30 ларда Термиз шаҳрининг Меҳрабод маҳалласида яшовчи фуқаро Т.Э. ҳамда унинг турмуш ўртоғи Ж.Э. ўртасида келиб чиққан оилавий низо оқибатида Т.Э. турмуш ўртоғининг юз-чакка ва қулоқ соҳасига уриб жароҳат етказган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Термиз шаҳар ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати томонидан терговга қадар суриштирув ишлари амалга оширилмоқда. Ҳолат юзасидан қонуний чора кўрилиши таъминланади.

«Шунингдек, ижтимоий тармоқларда келтирилган аёл турмуш ўртоғининг доимий тазйиқ ёки зўравонлиги остида бўлиб келгани важи илгари жабрланувчи ИИОга хабар бермаганини инобатга олган ҳолда, алоҳида ўрганилмоқда»,  дейилади хабарда.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид