Жаҳон | 07:57 / 20.08.2025
6869
2 дақиқада ўқилади

10 га яқин давлат Украинага ўз қўшинларини юборишга тайёр – ОАВ

Буюк Британия, Франция ва Европанинг бошқа давлатлари Украинада хавфсизлик кучларини жойлаштиришга тайёргарлик кўрмоқда. АҚШ ўз аскарларини юбормаслигини маълум қилди.

Фото: army.mod.uk

Европанинг 10 га яқин давлати кенг кўламли Россия-Украина уруши тугаганидан кейин ўз қўшинларини Украинага юборишга тайёр, деб хабар берди Bloomberg агентлиги манбаларга таяниб.

Уларнинг сўзларига кўра, Европа расмийлари 19 август куни тинчлик келишуви доирасида Британия ва Франция ҳарбийларини юбориш режасини, жумладан, қўшинлар сони ва уларнинг жойлашувини муҳокама қилган.

Буюк Британия ҳукумати яқин кунларда Европа ҳарбий амалдорлари АҚШ вакиллари билан учрашиб, «хавфсизликнинг ишончли кафолатларини ишлаб чиқиш ва ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилган тақдирда хавфсизлик кучларини жойлаштиришга тайёргарлик кўришни» маълум қилди.

Bloomberg манбаларининг қўшимча қилишича, қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари пакетининг биринчи босқичида Украина Қуролли кучларини украиналик ҳарбийларни ўқитиш ва шахсий таркибни тўлдириш орқали мустаҳкамлаш кўзда тутилган. Бу иш билан асосан европалик ҳарбийлардан иборат кўп миллатли гуруҳ шуғулланиши, Буюк Британия ва Франция эса фронт чизиғидан узоқда жойлаштириладиган юзлаб аскарларини Украинага юбориши кутилмоқда.

Режанинг бошқа қисми, манбаларнинг сўзларига кўра, АҚШ томонидан қўллаб-қувватлашни назарда тутади, бу разведка маълумотларини алмашиш, чегараларни кузатиш, қурол-яроғ ва эҳтимол, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини етказиб беришни ўз ичига олади.

Россия ҳукумати Украинада НАТО қўшинлари жойлаштирилишига мутлақо қарши. «Украинада НАТО давлатлари иштирокидаги ҳарбий контингент пайдо бўлишини назарда тутувчи ҳар қандай сценарийларни қатъиян рад этиш бўйича бир неча бор билдирилган позициямизни тасдиқлаймиз», деди 18 август куни Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова.

АҚШ расмийлари Украинага америкалик аскарларни юбормаслигини, бироқ хавфсизлик кафолати сифатида Украинани ҳаводан қўллаб-қувватлаши мумкинлигини айтди.

Украина учун хавфсизлик кафолатлари пакети шу ҳафтадаёқ, яъни 24 августгача шакллантирилиши кутилмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид