Жаҳон | 08:54 / 20.08.2025
3295
2 дақиқада ўқилади

Маск республикачиларга зарар етказмаслик учун янги партия тузишни тўхтатди

У вице-президент Жеймс Вэнс билан яхши муносабатларни сақлаб қолишга интилаётгани таъкидланмоқда.

Фото: REUTERS/Nathan Howard

Миллиардер Илон Маск янги партия тузиш жараёнини тўхтатди, деб хабар берди The Wall Street Journal.

Нашр маълумотларига кўра, миллиардернинг қарор қабул қилишидаги асосий омиллардан бири унинг вице-президент Жеймс Вэнс билан яхши муносабатларни сақлаб қолишга интилишидир. У MAGA сиёсий ҳаракатининг эҳтимолий вориси ҳисобланади.

Таъкидланишича, Илон Маск 2028 йилда АҚШ президентлигига номзодини қўйишга қарор қилса, Вэнсни қўллаб-қувватлаш учун ўз ресурсларидан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Илон Маск шу йил июнь ойида Қўшма Штатларда янги сиёсий куч — «Америка партияси»ни ташкил қилиш ниятида эканини айтди. Бу ҳақда миллиардер АҚШ президенти Доналд Трамп билан келишмовчиликлар ортидан маълум қилди.

Маскнинг таъкидлашича, янги партия «америкаликларнинг 80 фоизини марказчи қарашларини» ифодалаши мумкин.

Бундан олдинроқ, Маск Трамп ваъда қилган солиқ имтиёзларини амалга оширишга қаратилган қонунини танқид қилганди. Бунга жавобан Трамп уни ақлдан озганликда айблади. Шундан сўнг, иккаласи ўртасида ўзаро айбловлар билан оммавий можаро келиб чиқди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид