Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Оилавий меҳмон уйларининг кенгайишига рухсат берилади
Оилавий меҳмон уйлари учун мижозларнинг кунлик меъёри 10 нафардан 20 нафаргача оширилади. Тошкент шаҳри, вилоятлар маркази ва йирик туристик ҳудудлардан ташқарида жойлашган меҳмонхоналар учун туристик йиғим бекор қилинади. Меҳмонхона қуриш учун кейинги 3 йилда 5 минг гектар ер аукционга чиқарилади.
Фото: Туризм қўмитаси
Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича янги дастур бошланади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан учрашувда маълум қилди.
Дастурга кўра, келгуси уч йилда меҳмонхона ва туризм масканлари ташкил қилиш учун жами 5 минг гектар ер аукционга чиқарилади. Бунда меҳмонхона қурмоқчи бўлган тадбиркорлардан ерларни сотиб олиш учун тўлов ундирилмайди. Эвазига давлат шу сумма билан лойиҳага улушдор бўлиб киради.
Тадбиркорлар 10 йил ичида исталган пайтда бу улушни қайта сотиб олиши мумкин бўлади. Агар тадбиркор ер қийматини бошида тўлайман деса, 20 фоиз чегирма берилади.
Меҳмонхона қуриш учун 7 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан вилоятлар маркази ва туризмга ихтисослашган 36 та туманда – 30 миллиард сўмгача, бошқа ҳудудларда эса 10 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратилади.
Кўп тадбиркорлар давлат объектлари ва хусусий биноларни сотиб олиб, меҳмонхонага айлантиряпти. Энди янги меҳмонхона учун кўзда тутилган субсидия уларга ҳам берилади.
Ҳозир меҳмонхона эгалари ҳар бир турист учун кунига 62 минг сўмгача туристик йиғим тўлашга мажбур. 2026 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳри, вилоятлар маркази ва йирик туристик ҳудудлардан ташқари бирорта жойдаги меҳмонхона бу йиғимни тўламайди.
Амалдаги тартибга кўра, оилавий меҳмон уйлари туристларни қабул қилиши бўйича кунлик меъёр 10 нафардан ошмаслиги белгиланган. 2026 йил 1 январдан бу чеклов 2 каррага кўпайтирилади.
Шавкат Мирзиёев маҳаллий меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари ўртасида танлов ўтказишни таклиф қилди. Танловнинг мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлади, сайёҳлар эътиборини қозонган, нуфузли халқаро платформаларда энг кўп ижобий эътироф олган меҳмонхоналар ҳар йили тақдирланади.
Қайси ҳудудда инфратузилма яхши бўлса, ўша жой тадбиркорларни ўзига тортади, сервис гуркираб ривожланади. Шу боис, инфратузилма олиб бориш орқали йирик туристик масканлари кўпайтирилади. Чортоқнинг Қорабоғ маҳалласи, Фарғонанинг Чимёни, Бойсундаги Омонхона, Нурободдаги Нурбулоқ шаҳарчасида мастер-режа асосида “йил 12 ой” хизмат кўрсатадиган 300-500 гектарли йирик курорт зоналари ташкил этилади. Бу лойиҳалар инфратузилмаси учун 150 миллион доллар берилади.
Маълум қилинишча, йил бошидан бери Ўзбекистонга 7 миллионга яқин хорижий сайёҳ ташриф буюрган, 15 миллион аҳоли мамлакат бўйлаб ички саёҳатга чиққан. Келаси 3-4 йилда хорижий туристларнинг йиллик оқими камида 15 миллионга етиши прогноз қилиняпти.
Эслатиб ўтамиз, мазкур муаммо меҳмонхона соҳаси ва мувофиқликни баҳолаш ҳамда аудит идоралари вакиллари иштирокида ўтган очиқ мулоқотда тадбиркорлар томонидан кўтарилган эди.
Мавзуга оид
09:50 / 04.12.2025
Ўзбекистон Гоа билан туризм соҳасида қўшма лойиҳаларни йўлга қўймоқда
16:06 / 27.11.2025
Ўзбекистонда туризм орқали 19 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди
14:30 / 26.11.2025
Кексалар учун туризм ойлиги: Ўзбекистонда меҳмонхона, транспорт ва музейлар учун чегирмалар берилмоқда
18:02 / 25.11.2025