Жаҳон | 10:45 / 21.08.2025
5318
2 дақиқада ўқилади

Мелони Украина учун «енгилроқ НАТО» таклиф қилди – ОАВ

Италиянинг режаси Россиянинг янги ҳужуми юз берган тақдирда Украинани 24 соат ичида қўллаб-қувватлаш тўғрисида қарор қабул қилишни назарда тутади.

Фото: Alessia Pierdomenico/Bloomberg

Европа етакчилари Италия бош вазири Жоржа Мелони ташаббуси билан ишлаб чиқилган Украина учун янги хавфсизлик механизмини муҳокама қилмоқда. Режага кўра, Киевнинг иттифоқчилари Россия томонидан тажовуз қайта бошланган тақдирда Украинани ҳарбий ёки иқтисодий қўллаб-қувватлаш тўғрисида 24 соат ичида қарор қабул қилиш мажбуриятини олади, деб ёзди Bloomberg.

Таклиф Альянснинг коллектив мудофаа тамойилини эслатгани, бироқ Украинанинг НАТОга ҳақиқий аъзолигини назарда тутмагани учун «енгилроқ НАТО» деб номланган. Мелони режасига кўра, Киев билан икки томонлама шартнома имзолаган давлатлар янги ҳужум содир бўлган тақдирда ўз ҳаракатларини зудлик билан мувофиқлаштириши керак.

Манбаларга кўра, гап Украинага тезкор мудофаа ёрдами, молиявий ёрдам, Қуролли кучларни мустаҳкамлаш ва Россияга қарши санкциялар ҳақида кетмоқда. Режага қўшинларни тўғридан-тўғри Украина ҳудудига юбориш кирадими ёки йўқми, ҳозирча номаълум.

Ғоя АҚШ президенти Доналд Трамп, Володимир Зеленский ва Европа етакчиларининг Вашингтондаги учрашуви фонида янгради. Музокаралардан сўнг Трамп АҚШ хавфсизлик кафолатларини таъминлашга тайёрлигини тасдиқлади, бироқ Украинага америкалик аскарларни юборишни истисно қилиб, бунинг ўрнига ҳаво ёрдами кўрсатилиши мумкинлигини маълум қилди.

Италия мудофаа вазири Гвидо Крозетто якуний формат ҳали ҳам муҳокама қилинаётганини таъкидлади: «Ёки НАТО Украинани ҳимоя қилиши мумкин, ёки алоҳида давлатлар бундай мажбуриятларни ўз зиммасига олади. Энг яхши механизм вақт ўтиши билан танланади».

Мелонининг таъкидлашича, ташаббус «НАТОнинг 5-моддаси модели» бўлиб, ҳозирги шароитларга мослаштирилган. Унинг таъкидлашича, Рим Киевни қўллаб-қувватлашда бирдамликни сақлаб, АҚШ ва Европа ўртасида «кўприк» бўлишга интилмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид