Жаҳон | 13:47 / 22.08.2025
16883
3 дақиқада ўқилади

Лавровнинг баёнотлари Россия–АҚШ музокараларида ихтилоф чиқарди – ОАВ

Россия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Сергей Лавровнинг Украина учун хавфсизлик кафолатлари «Россияни изоляция қилиш мантиғига» қурилса, «рад этилиши» ҳақидаги баёноти Россиянинг АҚШ билан музокараларини «амалда барбод қилди», деб ёзди Bloomberg вазиятдан хабардор европалик амалдорга таяниб.

Фото: РИА Новости

Манбага кўра, энди Кремль Оқ уйни хавфсизлик кафолатидан воз кечишга ва АҚШ янги санкцияларидан қочиш учун Россия ва Украина ўртасидаги учрашувларни мамлакат президентларидан қуйи даражадаги амалдорларгача пасайтиришга кўндириши мумкин.

Bloomberg суҳбатлашган Европанинг бир неча юқори мартабали амалдорлари ва дипломатлари Лавровнинг баёнотларини жараённи чўзишга уриниш сифатида кўрмоқда ва Путин келишув тузишга тайёрлигига шубҳа қилмоқда.

Бир кун аввал Сергей Лавров Аляскадаги саммитдан сўнг «Европа давлатлари Зеленскийнинг ортидан Вашингтонга боргани» ва у ерда «хавфсизлик кафолатлари Россияни изоляция қилиш мантиғига кўра қурилишига» қаратилган «ўз кун тартибини илгари суришга» уринганини айтди. «Албатта, бу бизда тўлиқ рад этишдан бошқа ҳеч қандай ҳис-туйғуни уйғотмайди», деб қўшимча қилди у.

Лавров сўзларига кўра, «жамоавий хавфсизлик масалаларини» Россиясиз ҳал қилиш таклифлари асло мақбул эмас. У 2022 йил баҳорида Истанбулда бўлиб ўтган музокараларни яна бир бор эслатди ва Россия ўша пайтда таклиф қилинган хавфсизлик кафолатларини жамоавий тақдим этиш тамойилини «мутлақо табиий ва бугунги кунда долзарб» деб ҳисоблашини айтди. Украина делегацияси ўша музокараларда келишувга Россия, Хитой, Франция, АҚШ ва Буюк Британияни ўз ичига олган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари томонидан хавфсизлик кафолатларини ишлаб чиқиш тўғрисидаги бандни киритишни таклиф қилган эди.

Украина учун хавфсизлик кафолатлари Оқ уйдаги муҳокамаларнинг асосий мавзуларидан бирига айланди, у ерда Доналд Трамп 18 август куни Володимир Зеленский ва Европа давлатлари раҳбарлари билан учрашди.

Учрашувдан сўнг, Трамп Украинага хавфсизлик кафолатлари Европанинг турли давлатлари томонидан АҚШ билан келишилган ҳолда тақдим этилишини айтди, бироқ бунда Америка қандай рол ўйнашига аниқлик киритмади. Европа давлатлари, ўз навбатида, Украинада контингент жойлаштиришни муҳокама қилмоқда, аммо ҳозирча улар ўртасида бу масалада бирлик йўқ, гарчи Франция ва Буюк Британияда ҳарбийларни жўнатишга тайёр эканини билдирган бўлса-да. Москва илгари ҳам Украинада хорижий қўшинларнинг бўлиши Россия учун «мутлақо номақбул» эканини бир неча бор таъкидлаган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид