Иқтисодиёт | 19:45 / 23.08.2025
12832
2 дақиқада ўқилади

Cobalt ишлаб чиқариш кетма-кет тўртинчи ой қисқарди

Ўзбекистон бозоридаги энг оммабоп модел – Cobalt ишлаб чиқариш ҳажми 2024 йилнинг мос даврларига нисбатан кетма-кет тўртинчи ой камайди. Қисқариш июл ойида қарийб 15 фоизни ташкил этган.

Фото: Kun.uz

2025 йил январ-июл ойларида Ўзбекистонда 212 минг 156 дона енгил автомобиллар ишлаб чиқарилди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси шарҳида келтириб ўтилган.

Дастлабки 7 ойликда автомобил ишлаб чиқариш 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 3,5 фоизга, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан эса 9,3 фоизга ошган. Республикада ишлаб чиқарилган ҳар 100 та машинанинг 63 таси Cobalt ва Damas ҳиссасига тўғри келган.

Ҳисобот даврида Cherry ишлаб чиқариш 0,6 фоизга, Cobalt ишлаб чиқариш эса 1,9 фоизга қисқарган. Қолган барча моделларда сезиларли ўсиш кузатилган.

Хусусан, Cobalt ишлаб чиқариш ҳажми 2024 йилнинг мос даврларига нисбатан кетма-кет тўртинчи ой камайди: апрелда – 6 фоиз, майда 10,6 фоиз, июнда 7,84 фоизга, июлда 14,7 фоизга.

Ўз навбатида, Tracker ишлаб чиқариш 12,9 фоизга, Kia моделларини ишлаб чиқариш 27,6 фоизга, Haval брендига тегишли автомобиллар ишлаб чиқариш эса 7 баробарга ошди.

Маълумот учун, биринчи яримйилликда UzAuto Motors’нинг соф фойдаси ҳам 1,91 трлн сўмдан 1,38 трлн сўмгача ёки 27,5 фоизга камайди.  

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид