Жаҳон | 16:17 / 23.08.2025
6207
5 дақиқада ўқилади

“Гидеон аравалари-2” — Исроилнинг Ғазодаги урушида янги босқич

Исроил мудофаа вазири Ғазо шаҳрини оккупация қилиш режасини тасдиқлади. Расман 20 август куни бошланган операция “Гидеон жанг аравалари – 2” деб номланди ва Ҳамасни тўлиқ йўқ қилишни мақсад қилган. “Геосиёсат” дастурида Ғазо ва унинг атрофидаги сўнгги воқеалар юзасидан сиёсатшунослар Шавкат Икромов ва Алоуддин Комилов сўз юритади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ғазо атрофидаги вазият қандай ва Исроилнинг “Гидеон аравалари-2” операциясидан асосий мақсад нима?

Шавкат Икромов: 2023 йил октябридан буён Ғазодаги вазият тинимсиз ёмонлашиб бормоқда. Бошланган ҳарбий тўқнашувлар чуқур гуманитар инқирозга айланган. Озиқ-овқат танқислиги, очарчилик, касалликларнинг тарқалиши ва тинимсиз бомбардимонлар натижасида қурбонлар сони ортиб бормоқда.

Томонлар ўртасида муросага эришиш борасида ҳеч қандай ютуқ йўқ. Миср ва Қатар каби давлатларнинг воситачилик уринишлари ҳам самарасиз бўлди. Бу давлатлар эндиликда фаол воситачилик ролини ўйнай олмаяпти. 20 дан ортиқ Ғарб давлатлари, жумладан, Германия, Буюк Британия, Украина ва Франция Исроилга халқаро журналистлар ва мустақил текширувчиларни Ғазога киритиш талабини қўймоқда. Бу талаб айниқса Ғарб давлатлари томонидан кучли қўлланмоқда. Араб ёки мусулмон давлатларидан эса бу борада унча катта босим кузатилмаяпти.

Дастлаб очарчилик ҳақидаги маълумотларга айрим доиралар ишончсиз деб қараган бўлса, яқинда Исроилнинг ўзидаги олимлар ва тиббиёт мутахассислари Ғазода кенг кўламли очарчилик мавжудлигини тасдиқловчи ҳисоботлар эълон қилди.

Исроил армияси томонидан олиб борилган “Гидеон аравалари” номли ҳарбий амалиёт икки босқичдан иборат. Биринчи босқичи май ойида бошланиб, августгача давом этди. Расмий баёнотларга кўра, бу операция муваффақиятли бўлмаган, натижада ҳозир иккинчи босқичи бошланди. Операция номи диний манбадан олинган бўлиб, яҳудийлар муқаддас китобидаги Гидеон образига таянган. Бу образ тарихий жиҳатдан душманларга қарши мутлақо шафқатсиз курашни англатади.

Дастлабки “Гидеон аравалари” операциясидан мақсад – Ҳамасни йўқ қилиш, ташкилотни ҳарбий ва сиёсий жиҳатдан заифлаштириш; Ғазонинг айрим ҳудудларини назоратга олиш, тўлиқ эгаллаш эмас, балки стратегик ҳудудларда назоратни сақлаб қолиш; озиқ-овқат тарқатиш устидан назоратни қўлга олиш эди.

Исроил озиқ-овқат ёрдамларини тарқатиш пайтида Ҳамас аъзолари тинч аҳоли қиёфасида ёрдамларни эгаллаб олаётгани, шу сабабли озиқ-овқат тақсимотини ўз назоратига олиши зарурлигини даъво қилди. Шу сабабли марказий ва жанубий ҳудудларда штаблар ташкил қилиниб, тақсимот жараёнига аралашилди. Аммо кўплаб ҳолатларда озиқ-овқат олишга келган тинч аҳолига қарата ўқ узилди.

“Гидеон-1” операциясидан кейин Исроил Ғазонинг 75 фоиз ҳудудини эгаллаганини даъво қилмоқда. Бироқ операциянинг самарадорлиги борасида Исроил ичкарисида ҳам катта баҳс-мунозаралар мавжуд. Айрим ҳарбийлар Ғазони тўлиқ эгаллаш фалокатли оқибатларга олиб келишини айтмоқда. Шунга қарамай, биринчи босқич муваффақиятсиз деб топилгач, иккинчи босқич бошланди. Бу эса, ҳарбий ҳаракатларнинг ҳали узоқ давом этиши мумкинлигини кўрсатади.

Ғазо аҳолисини ҳудуддан бошқа давлатларга кўчириш масаласи яна муҳокама қилиняпти. Бу қанчалик реал амалга ошиши мумкин?

Алоуддин Комилов: Фаластинликларни Ғазодан кўчириш масаласи узоқ йиллар давомида халқаро даражада табу, яъни очиқ муҳокама қилинмайдиган мавзу бўлиб келган. Расмий доираларда бу борада деярли ҳеч қандай баёнот берилмаган. Бироқ 2023 йил 7 октябр воқеаларидан кейин бу мавзу кўпроқ тилга олинадиган бўлди. Халқаро ташкилотлар ва ҳукуматлар бу каби ҳаракатларга қатъий қарши чиқмоқда. Аммо Исроил ичида, айниқса Нетаняҳунинг ўта ўнг қанот коалицияси даврида вазият бошқача тус олди. Сўнгги йилларда ўтказилган ижтимоий сўровлар шуни кўрсатмоқдаки, 76 фоиз исроиллик яҳудийлар “кўнгилли эвакуация” (яъни фаластинликларнинг Ғазодан чиқарилиши) ғоясини қўллаб-қувватлайди. Бу фикр ҳукуматнинг ҳарбий операцияларини оқлаш ва уларни асослаш учун восита бўлиб хизмат қилмоқда.

2025 йил май ойида ўтказилган сўровномаларга кўра, 82 фоиз исроилликлар Ғазо аҳолиси қувғин қилиниши керак, деган фикрни ёқлайди. 63 фоизи гуманитар ёрдамга қарши, 47 фоизи эса Ғазодаги очарчилик ва бошқа инқироз ҳақидаги хабарларни дезинформация деб ҳисоблайди. Исроилдаги кўплаб ОАВ ҳукуматга яқин бўлиб, Ғазодаги реал вазиятни етарлича ёритмайди. Шу сабабли аҳолининг муҳим қисми Ғазодаги очарчилик, гуманитар фалокат ва қувғин ҳақидаги хабарларни инкор этади ёки уларга ишонмайди.

Халқаро ОАВ эса бу масалани фаол ёритмоқда. Лекин Исроил ичкарисида бу хабарларга нисбатан шубҳали муносабат бор. Натижада илгари табу бўлган фаластинликларни кўчириш масаласи эндиликда ички сиёсатда тобора реал сиёсий йўналишга айланмоқда.

Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube’да томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид