Жаҳон | 09:07 / 25.08.2025
3444
2 дақиқада ўқилади

Киев 2025 йилда Россия Марказий банкининг 10 млрд евролик маблағларини олди

Еврокомиссия маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи олти ойида Европа Иттифоқи Россиянинг ЕИ ҳудудида музлатилган активларидан тушган маблағдан Украинага 10,1 миллиард евро ўтказган.

Фото: Анастасия Власова / Getty Images

Европа Иттифоқи жорий йилнинг биринчи олти ойида Россия Федерацияси Марказий банкининг ЕИ ҳудудида музлатилган Россия активларидан тушган маблағдан Украинага 10,1 миллиард евро ўтказди. Бу ҳақда Welt am Sonntag газетаси Европа комиссияси маълумотларига таяниб хабар берди. Ушбу хабар газета сайтида эълон қилинди.

Таъкидланишича, Брюсселдан олинган маблағлар Украинада ҳам фуқаролик, ҳам ҳарбий лойиҳаларни ривожлантиришга йўналтирилади. Хусусан, жорий йилнинг март, май, июн ва июл ойларида Украина президенти Володимир Зеленский ҳукумати Россиянинг Европа Иттифоқи ҳудудида музлатилган активларидан тушган даромаддан бир миллиард евродан олган. Январ ойида бу миқдор 3 миллиард еврони, апрелда 3,1 миллиард еврони ташкил қилган.

2022 йилда, Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсли ҳарбий бостириб кириши бошланганидан сўнг, Европа Иттифоқи Россиянинг умумий қиймати 210 миллиард еврога тенг активларини музлатиб қўйди. Бу маблағлар Европанинг энг йирик марказий депозитарийси бўлган Euroclear томонидан бошқарилади.

Россия расмийлари музлатилган активлардан олинадиган фойдадан фойдаланилишига қатъиян қарши. Euroclear'га ҳозирда музлатилган Россия активлари, шу жумладан тадбиркорлар ва бошқа санкцияланган шахслар билан боғлиқ 100 дан ортиқ даъволар берилган. Euroclear'га яқин манбаларга кўра, Россия аллақачон Euroclear мижозларининг Москвадаги Россия марказий депозитарийсига тегишли 33 миллиард евролик активларини мусодара қилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид